Шавкат Мирзиёев 18 март куни Чирчиққа амалга оширган ташрифи давомида шаҳардаги хонадонларнинг бирида яшовчи Анифe Бектошова оиласида бўлди. Қайд этилишича, Анифeнинг Владислав исмли ўғли уч йил олдин бассейнга ноқулай сакраб умуртқаси ва оёғидан қаттиқ лат еган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йигит Президентга реабилитация учун ёрдам кераклигини, бироқ даволанишда асосан ўзи ҳаракат қилиши лозимлигини, соғайиши организмига боғлиқлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у даволанишига ёрдам беришга қодир мураббий топганини, бироқ унинг Тошкентдан келиб, 12 соат шуғулланиши 100 доллар эканини маълум қилган.

Шундан сўнг давлат раҳбари ушбу беморнинг олдига Соғлиқни сақлаш вазирлигидан вакиллар келиб, ёрдам беришига топшириқ берган.

Президентнинг ушбу топшириғи бўйича Владиславнинг хонадонига 20 март куни Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов ҳамда соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев бошчилигида травматология ва неврохирургия бўйича мутахассис шифокорлар ташриф буюрди. Улар Владиславни текширувдан ўтказиб, ҳолатини ўрганди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси вакиллари томонидан ўтказилган суҳбат давомида бемор V.А.Денисенко, шунингдек, унинг онаси А.Бекташева беморнинг соғлиғини тиклаш учун 2019 йил коронавирус пандемияси бошланишидан аввал хусусий реабилитация шифокори, машқлар терапияси бўйича мураббий ёллашганини таъкидлаган. Машғулотлардан сўнг беморнинг аҳволида ижобий ўзгариш кузатилган, мушак тонуси ва беморнинг психологик ҳолати яхшиланган. Машғулотлардан сўнг беморнинг тўлиқ тикланишига ишонч пайдо бўлган.

Пандемия пайтида машғулотлар онлайн режимига ўтказилган.

Тегишли реабилитация мутахассиси Владислав билан кунора машғулотлар олиб борган. Уларнинг бир цикли 12 машғулотдан иборат бўлган. 1 циклнинг нархи 100 АҚШ долларини ташкил қилган. Отасининг вафоти ва оиланинг оғир моддий аҳволи сабаб ҳозирда беморни даволаш тўхтаб қолиш хавфи остида.

Владислав ва унинг онаси даволаниш курсини давом эттириш истагини инобатга олган ҳолда, беморни реабилитация қилиш учун унга қўшимча мақсадли моддий ёрдам кераклиги таъкидланди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Мутахассислар томонидан юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда ва беморни тўлиқ реабилитация қилиш учун қуйидагилар тавсия этилди:

  • уй шароитида реабилитация машғулотларини давом эттириш;
  • уйнинг кириш қисмида пандус қуришни ташкил этиш.

Шунингдек, беморга шифокорлар томонидан реабилитация чоралари, машқлар терапияси, жисмоний муолажалар, яшаш жойидаги травматологнинг доимий кузатувида бўлиш тавсия қилинган.

Владислав аҳволидан хабар олингач, «Дарё» мухбири шифокорлардан бири – Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов билан суҳбатлашди.

Мурод Ирисметов

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

– Мана, Владислав аҳволи билан танишиб олдингиз, айтингчи, унинг тузалиб кетишига умид борми?

– Авваламбор шуни айтиш керакки, бу йигитимизнинг ўзи — спортчи. Биз текшириб кўрганимиздан кейин мускулларининг сезувчанлиги бел қисмигача тушгани аниқланди. Йигит ўзини ташлаб қўймаган. Бу бола билан гаплашганда билдимки, бу боланинг иродаси кучли, унда жудаям кучли ишонч бор.

Жароҳат тўғрисида гапирадиган бўлсак, бу жуда оғир жароҳат. Ёшларимиз сув ҳавзаларида чўмилаётганда жудаям эҳтиёт бўлиши керак. Ўзига жуда қаттиқ ишониб юбориш керакмас. Ана шу бош билан шўнғиган вақтда жароҳат олган.

Шу кунгача қилинган муолажалар яхши ёрдам берган. Мен ўйлайманки, жароҳат оғирлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу болага фақат вақт керак бўлади. Лекин бу бола орқа миянинг зарарланиши ва умуртқа синиши билан боғлиқ жароҳатдан сўнг ўзини ташлаб қўймаган.

Бугун бизнинг, мана кеча давлатимиз раҳбарининг ташрифларидан сўнг йигитнинг ишончи ва иродаси кучайди. Биз Владиславни ташлаб қўймаймиз. Ҳар доим хабардор бўлиб турамиз.

Боя ўзига ҳам тушунтирдим, агар биз соғлом одамни 1 ҳафта қимирлатмасдан ётқизиб қўйсак, унинг 85 фоиз мушакларининг тонуси кетиб қолади. Агар бу жараён йиллар давомида давом этса,бу мускуллар латтага айланиб қолади. Лекин бу йигитимизда бу нарса йўқ. Қўл мускулларининг тонуси яхши сақланган.

Мен ўйлайманки, бизнинг кўригимиз ва тавсияларимиз Владиславга куч бағишлайди.

– Даволаш бўйича қандай режалар қилинган?

– Владиславда амалиётлар бажарилган, мана бизнинг Неврохирургия марказимиз томонидан жуда ҳам буюк ишлар қилинган. Яъни, келган вақтда тўғри муолажалар ўтказилиб, беморни тўғри йўналишда даволашган. Мен ўйлайманки, шуларнинг натижасида йигит ҳозирги ҳолатга келди. Бундан кейин, мана биз ҳозир консилиум қилдик. Беморга ҳозирча оператив даво муолажаларига кўрсатма йўқ. Ҳозир фақат вақт керак ва шу вақт давомида бизлар реабилитация ўтишимиз керак. Реабилитация — бу беморнинг руҳий ва жисмоний ҳолатини ҳаётга қайтариш, — дейди Мурод Ирисметов.

Шунингдек, бемор ҳақида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази шифокори Ғайрат Кариев ҳам ўз фикрини билдириб ўтди.

Ғайрат Кариев

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

– Беморнинг жароҳат олганига уч йил бўлган. Бизнинг марказга олиб келинганида жуда оғир аҳволда эди. Орқа мияси ва умуртқаси жиддий жароҳат олганди. Унинг боши ва бўйнидан бошқа ери ҳаракатланмасди.

Даволанишнинг 5-куни елка соҳаси ва қўллари ҳаракатлана бошлаган. Шундан уч йил ўтди. Бу вақт давомида боланинг отаси уни мамлакатимизда ва Россияда даволатган. Шунингдек, боланинг отаси унинг уйида спортзал ташкил қилиб берган. Унда йигит доим шуғулланган.

Даво топишга умид бор, йигит машғулотларни тўхтатмаслиги керак. Унинг кўзларида ишонч бор, унда оптимизм бор. Лекин нимадир дейишга барибир эрта. Вақт керак, муолажа керак.