Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Ўзбекистон Президентининг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга кўра, кўчмас мулкни ижарага беришда даромад солиғи бекор қилинди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.

Фото: Yandex.Images

Фото: Yandex.Images

Фармонда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича даромад солиғи тўлашдан озод этилади;
  • мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади.
Ҳужжатга асосан 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар ДСҚ дастурий маҳсулоти ёрдамида жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи автоматик равишда тўхтатилади.

Бунинг учун солиқ тўловчилар солиқ органларига ташриф буюришлари шарт эмас.

Агар юридик шахс мол-мулкни жисмоний шахсдан ижарага олган бўлса, кўрсатилган давр учун ижарага берувчидан тўлов ушлаб қолинмайди ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботида солиқ миқдори имтиёз бўлимида тўлдирилиши керак.

Мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади.

Эндиликда ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида ихтиёрий келишувга асосан ижара суммасини белгилаб шартнома тузилади.

Ижара тўловларининг энг кам ставкалари (Ўзбекистоннинг 2019 йил 9 декабрдаги ЎРҚ-589-сон қонунининг 12-иловаси) асосида ижара шартномаларини тузиш мажбурияти 2020 йил 31 декабрга қадар бекор қилинди.

Ижарага берувчиларга 2020 йил учун ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида, шу жумладан, тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда ижара тўловини қайта кўриб чиқиш тавсия этилган.

Бунда жисмоний шахс билан жисмоний шахс, шунингдек, жисмоний шахс билан юридик шахс ўртасида тузилган кўчмас мулк ижара шартномалари бўйича ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида ижара шартномаларини қайта кўриб чиқишлари мумкин. Юридик шахс жисмоний шахсдан мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага олган тақдирда Солиқ кодексининг 388-моддасига асосан солиқ агентлари солиқ ҳисобининг регистрларида жисмоний шахсларнинг улардан солиқ даврида олган даромадлари, жисмоний шахсларга тўлов манбайида қўлланилган солиқ имтиёзлари, ҳисоблаб чиқарилган ва ушлаб қолинган солиқлар ҳисобини юритади.

Қайта тузилган ижара шартномаларини шахсий кабинет орқали электрон тарзда ёки карантин талабларига риоя қилган ҳолда ДСИга ташриф буюрган ҳолда рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Қайта тузилган шартномалар асосида даромад солиғидан ҳисобланган ортиқча тўлов жисмоний шахснинг аризасига кўра унинг ҳисоб-рақамига қайтарилиши ёки унга жорий йил учун ҳисобланган ер ва мол-мулк солиқлари тўловига йўналтирилиши мумкин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар