«Дарё» сайтида ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.
Июль ойидан бошлаб 50 ва 100 сўмлик банкнотлар ва эски тангалар билан хайрлашдик, чунки улар ўз кучини йўқотиб, муомаладан чиқарилди. Уларнинг ўрнига 2018 йил намунасидаги 50 сўмлик, 100 сўмлик, 200 сўмлик ва 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилади.
* * *
Йирик электр станцияларимиздан бири бўлган Толлимаржон ИЭС хусусийлаштирилади. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Бирлашган Араб Амирликларининг Mubadala Utilities компанияси раҳбарияти, Осиё тараққиёт банки ҳамда Энергетика вазирлиги вакиллари иштирокида музокаралар ўтказилди. Шу йилнинг охиригача инвестициявий шартнома имзоланади.
Толлимаржон ИЭС қурилиши 1974 йилда бошланиб, 2004 йилда ишга туширилган. Учта энергоблоки бор, газ ёқади. 2016 йилда 6939,6 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарган.
* * *
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиевнинг Фарғонада ўтказган сайёр қабули бу ҳафтада барчанинг диққатини тортган мавзу бўлди. Вазир бир нечта мурожаатчини тинглаган ва муаммоларни жойида ҳал этишга эришган. Бироқ кўп ўтмай ЎзАда Шерзод Қудбиев аслида Фарғонага қариндошиникига тўйга боргани, Риштондаги «Водий» чойхонасида ичкиликбозлик қилгани, қабул эса саҳналаштирилгани ҳақида мақола чоп этилди. Вазирлик матбуот хизмати қабул рисоладагидек ўтказилгани, мурожаатлар синчиклаб ўрганилганини маълум қилди. Бироқ чойхонадаги ҳолат кўпчиликнинг таажжубига сабаб бўлгани туфайли, Адлия вазирлиги воқеага эътибор қаратиб, шахсий ҳаёт дахлсиз эканини эслатди.
* * *
Ўзбекистоннинг ягона автокомпанияси, кўплаб марта монополияда айбланган GM Uzbekistan ниҳоят ўзгаришга қарор қилди. У номини UzAvto Motors’га ўзгартиради. 1993 йил март ойида UzDeuAvto қўшма корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган, 2008 йил март ойида эса GM Uzbekistan қўшма корхонаси тузилган эди. Шундай қилиб, бу учинчи марта ном ўзгаришидир.
* * *
Ушбу ҳафта мамлакатимиз қиличбозлик спортидаги муҳим ўзгариш билан ёдда қоладиган бўлди. Мексикалик 24 ёшли қиличбоз қиз Паола Плиего Ўзбекистон фуқаролигини олди ва у эндиликда халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. Паоло Плиего бундай қарорга келишига Мексика олимпия қўмитасидаги коррупция сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, миллиардер Алишер Усмонов 2008 йилдан буён Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) президенти ҳисобланади. Яна эслатиб ўтиш жоизки, Transparency International ноҳукумат ташкилотининг 2018 йилги коррупция индексида Мексика 134, Ўзбекистон 156-қаторда қайд этилган (биринчида Дания, охирида Сомали).
* * *
Термиз шаҳрида Damas’лар йўловчи ташиш йўналишидан олиб ташланган эди. Бунга сабаб қилиб Damas’ларнинг тартибсиз ва лицензиясиз ҳаракатланиши кўрсатилган. Бироқ ишсиз қолган кўп сонли ҳайдовчилар қаттиқ норозилик билдирди. Депутатлар эса 700 нафар ҳайдовчининг ишсиз қолишига қарши чиқди. Адлия вазирлиги ҳоким қарорини бекор қилиш бўйича тақдимнома киритди. «Damas’чилар воқеаси» шаҳар ҳокимлиги, вазирлик ва депутатлар даражасидан вилоят ҳокимлиги даражасигача кўтарилиб, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов раислигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Транспорт бўйича можароли қарор қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириладиган бўлди.
* * *
Биз дайжестларимизда ҳокимларнинг нутқ маданияти бузилишларини ҳамиша ёритиб борамиз. Интернетда тарқаб кетган янги «записи» ортидан кун қаҳрамонига айланган Андижон ҳокимига президент Шавкат Мирзиёев танбеҳ берди. «Сени ҳурмат қиламан. Лекин интернетдаги гаплар дилимни оғритди. Оғир-босиқ бўл. Садоқат бошқа, амал бошқа», – деган президент. Ҳоким ҳам хатосини англаб узр сўраган. Президентнинг танбеҳи нафақат Андижон ҳокимига, бошқа ҳокимларнинг ҳам қўполлигига тегишли муносабат бўлиши лозим.
«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.