Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими таркибида «Фарғона пресс-клуб» ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур пресс-клубнинг илк сессияси давлат раҳбарининг жорий йил 6—7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси, амалга оширилаётган ишлар таҳлили ҳамда бир гуруҳ вилоят фаолларининг фарғоналикларга йўллаган мурожаатномаси тарғиботига бағишланди. Унда Тошлоқ, Ёзёвон туманлари ҳокимлари, вилоятдаги бир қатор ташкилот ва бошқармаларнинг раҳбарлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сессияда айрим ҳудудларда бу борадаги ишларнинг ижросини таъминлашда баъзи бир камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид остига олинди. Хусусан, Тошлоқ туманида «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури асосида кредит ажратиш, Ёзёвон туманида эса хорижий инвестицияларни жалб этиш, Олтиариқ туманида узумчилик кластерини ташкил этиш борасидаги ишлар суст амалга оширилмоқда. Вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласида ҳам тегишли мутасадди ташкилотлар амалий ишга қўл ургани йўқ. Мазкур мавзуларга оид танқидий видеолавҳа намойиш этилди. Туман ҳокимлари ва мутасаддилар томонидан бу борадаги ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, тадбиркорлар, журналистлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Саволларига жавоб олди.
Мазкур пресс-клубнинг даврийлиги қандай бўлади, деган саволга пресс-клуб раҳбари Муҳаммаджон Обидов шундай жавоб берди:
— Биз пресс-клубнинг сессияларини маълум бир жадвал асосида олиб бормаймиз. Сессия мавзуларини кундалик воқеа ёки долзарб янгиликлардан келиб чиқиб белгилаймиз. Ўша куни тегишли мутасаддилар ва журналистлар иштирокида муҳокама қилиш, аҳолининг бундан хабардор бўлишини таъминлашга ҳаракат қиламиз.