Қорақалпоғистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат инспекцияси томонидан «Kun.uz» сайтида эълон қилинган «Ўқитувчилар маошидан 500 минг сўмдан ушлаб қолинмоқда» номли мақола бўйича Амударё тумани халқ таълими бўлимида ўрганиш ўтказилди.
Маълум бўлишича, тумандаги 82 та умумтаълим мактабида ишловчи 5154 нафар педагог ходимнинг 3115 нафаридан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва бошқа коммунал тўловлар учун ноқонуний равишда розилиги олинмай, иш ҳақидан ушлаб қолинган.
Мазкур ҳолат бўйича айбдор бўлган Амударё тумани халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Р.Матқурбанов ҳамда Халқ таълими бошқармаси марказлаштирилган молия бухгалтерия хизмати бош ҳисобчиси М.Қаландаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг беш баравари (1 013 650 сўм) миқдорида жаримага тортилди.
Шунингдек, инспекция томонидан мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига 2019 йил 8 февраль куни қонунбузилишини бартараф этиш ва келгусида йўл қуймаслик юзасидан белгиланган тартибда тақдимнома киритилди.
Изоҳ (0)