Бразилиянинг Сан-Паулу штатида енгил моторли самолёт турар-жой устига қулади. Оқибатда уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда VEJА Sao Paulo Twitter’даги саҳифасида маълум қилди, деб ёзади «Корреспондент.net».
Авария Сан-Жозе-ду-Риу-Прету шаҳрида юз берди. Самолёт қулай туриб, турар-жойга тегиб кетди ва ҳовлига қулади. Уй эгаларидан ҳеч ким жабрланмади, бироқ бортдаги одамлар ҳодиса қурбонларига айланди.
Ҳаво кемаси ёқилғи етишмовчилиги оқибатида қулаган бўлиши мумкин. Ҳодисанинг расмий сабаблари ҳозирча номаълум.
Маҳаллий ҳукумат самолёт шаҳардаги аэропортга қўнишга уринганлигини маълум қилди.