Самвел Бабаян мураббийлик қилаётган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Таиланд устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди.
Халқаро ўртоқлик учрашувига Тошкент шаҳри мезбонлик қилди. Унда Қатар Юлдузлар лигасида тўп сураётган легионер футболчилар — Темурхўжа Абдухолиқов ҳамда Сардор Рашидов 1 тадан гол уриб, мезбонлар ғалабасини таъминлаб берди. Бош мураббий ҳар икки футболчини захирадан майдонга туширди.
Қатар чемпионатида тўп сурадиган яна икки футболчи — Санжар Шоаҳмедов ва Санжар Турсунов терма йиғинига чақирилмаган.
Мазкур беллашув ҳар икки мамлакат терма жамоалари учун ЖЧ—2018 саралашининг 8-тури олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Ўзбекистон 12 июнь куни Теҳронда Эронга қарши кураш олиб борса, таиландликлар 13 июнь куни Амирлик термасини қабул қилади.
Ўзбекистонга қарши беллашувга тайёргарликни Австрияда олиб борган Карлуш Кейруш бошқарувидаги Эрон термаси 4 июнь куни Подгорица шаҳрида Черногория билан ўйин ўтказган бўлиб, Сардор Азмуннинг дубли эвазига 2:1 ҳисобида зафар қучганди.
Халқаро ўртоқлик ўйини «Бунёдкор» стадиони 6 июнь, сешанба
Ўзбекистон — Таиланд 2:0
Голлар: Темурхўжа Абдухолиқов, 67 (1:0). Сардор Рашидов, 90+2 (2:0).Ўзбекистон: Александр Лобанов — Станислав Андреев, Егор Кримец, Отабек Шукуров, Акмал Шораҳмедов, Азиз Ҳайдаров (Мурод Холмуҳаммедов, 81), Вадим Афонин, Сервер Жепаров (Темурхўжа Абдухолиқов, 61), Марат Бикмаев (Сардор Рашидов, 51), Жалолиддин Машарипов (Элдор Шомуродов, 46), Игорь Сергеев (Александр Гейнрих, 65).
Таиланд: Синтхавичаи Хатхаираттакул — Сирод Чаттонг, Кевин Диромрам (Чутипон Тонтай, 61), Панса Хемвибун, Чалермпонг Кердкаев, Нарубадин Вираватнодом (Путтинан Ваннасри, 70), Титипан Пуангжан (Пирадол Чамрасами, 79), Танабун Кесарат, Санрават Дечмитр (Тиратеп Винотай, 61), Бордин Пала (Рунгрут Пумичантук, 82), Нурул Сриянкем.