Дунёда якка ўзи қолган, ташландиқ ва ҳатто ярми бузилган осмонўпар бинолар бор. Биноларнинг ҳозирги кераксизлигининг сабаби қандай бўлишидан қатъий назар, уларнинг ўз тарихи бор ва у ерда бир вақтлар ҳаёт қайнаганини эслатиб туради. Fly to the sky нашри ана шу ташландиқ биноларнинг фотожамланмасини тақдим этди.
Стерик биноси, Мемфис, Теннесси штати, АҚШ
Бино 1930 йилда қурилган ва ўша вақтда жуда улкан ҳисобланган. У 1957 йилгача Теннесси штатидаги энг баланд бино бўлган. Дастлаб бинода турли идоралар жойлашган. Вақт ўтиши билан у ижарачилар орасида оммабопликни йўқотган. 1980 йилларга келиб бино бутунлай бўшаб қолган ва ҳозиргача шундай қолмоқда.
Centro Financiero Confinanzas биноси, Каракас, Венесуэла
1990 йилда Каракасда янги молиявий марказ қурилиши бошланган. Қурилиш Дэвид Бриллембург томонидан молиялаштирилган. Бинога «Дэвид минораси» номи ҳам берилган. 1993 йилда Бриллембург вафот этган, кейин эса банк инқирози бошланган. Венесуэла ҳукумати лойиҳани ўз назорати остига олган. Шундан буён қурилиш ўзининг сўнгги босқичида тўхтаб қолган.
Insignia минораси, Мехико, Мексика
Учбурчак шаклидаги 25 қаватли осмонўпар бино ўзи қуриб битказилган 1962 йилда Мексикадаги баландлиги бўйича иккинчи бино бўлган. Бино 1964 йилда очилган ва, асосан, унда маъмурий идоралар жойлашган. 1985 йилдаги зилзиладан сўнг бино бўшаб қолган. Бир неча марта уни қайта таъмирлашга уринишлар бўлган, бироқ шу вақтгача уринишлар муваффақиятсиз чиққан.
Плаза-Тауэр, Янги Орлеан, АҚШ
45 қаватли осмонўпар бино 1968 йилда қуриб битказилган. Бинода турли идоралар жойлашган. Бироқ ижарачилар бинода юз берган моғорлашдан шикоят қила бошлаган. Охир-оқибат, 2001 йилга келиб бино бўшаб қолган. 2011-йлда Плаза-Тауэр аукционда сотилган, бироқ унинг янги эгаси бинони қайта тиклаш бўйича ҳеч қандай маълумот бермаган.
Бук-Тауэр, Детройт, АҚШ
1916 йилда Детройтда офислар учун мўлжалланган 13 қаватли бино қурилган. 10 йилдан сўнг унинг ёнидан 38 қаватли осмонўпар бино қурилган ва бутун комплекс шаҳарлик ака-ука Буклар шарафига Бук-Тауэр деб номланган. Бино бир неча ўн йилликлар давомида шаҳарнинг муҳим қисми ҳисобланган. Молиявий инқироз ва Детройт иқтисодиётининг пасайиши сабабли фирмалар ва офислар шаҳардан кетган. Сўнгги ижарачи бинони 2009 йилда тарк этган. Шундан сўнг бино ёпилган.
«Аврам Линкольн» минораси Рио-де-Жанейрода жойлашган 1960 йиллардаги кенг қамровли ривожлантириш режасининг бир қисми ҳисобланган икки бинонинг бири ҳисобланади. Лойиҳада 76 та аҳоли яшовчи бино қурилиши режалаштирилган, бироқ фақат иккитаси қурилган. Қурилиш 1969 йилда бошланган, бироқ 1972 йилда тўхтатилган ва шундайлигича қолиб кетган. Бироқ унинг шериги бўлган «Шарль де Голль» минораси қуриб битказилган.
Фонтенбло курорт-меҳмонхонаси, Лас-Вегас, АҚШ
Рўйхатдаги энг замонавий бино бўган Фонтенблонинг баландлиги 220 метр бўлиб, 68 қаватдан иборат. Бино 2007 йилда қурилган. Кейин эса инқироз бошланган ва лойиҳа ёпилган. 2017 йилнинг апрель ойида бинонинг қайта таъмирланиши маълум қилинди, бироқ осмонўпар бинога тааллуқли келажак режалари мавҳум.
Бурж ал-Мурр, Байрут, Ливан
Байрутда жойлашган Бурж ал-Мурр 34 қаватдан иборат бўлиб, ер остида яна еттита қават жойлашган. Дастлаб, бино офис ва савдо маркази учун мўлжалланган, бироқ қурилиш 1975 йилда Ливанда фуқаролик уруши бошланиши билан тўхтаб қолган. Бугун бино бир неча ўн йил аввал шаҳарни қарийб йўқ қилган низоларни эслатиб туради.
Саторн Юник, Бангкок, Таиланд
Бангкокдаги осмонўпар бинонинг қурилиши 1990 йилда иқтисодий инқироз вақтида бошланган, бироқ маблағ етишмаслиги сабабли тўхтаб қолган. Бугунги кунда у «шарпа-бино» деб аталади. Бино ўткир ҳиссиёт ишқибозларини, шарпа овловчиларни, вандалларни ва дайдиларни ўзига чорлайди.
Рюген меҳмонхонаси, Пхеньян, Шимолий Корея
Пхеньяндаги бу бинонинг қурилиши 1987 йилда бошланган. Агар осмонўпар бино режа бўйича 1992 йилда қуриб битирилганда эди, дунёдаги энг баланд меҳмонхона бўларди. СССРнинг қулаши Шимолий корея иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатган ва лойиҳа музлатилган. 2008 йилда бинонинг қурилиши қайта бошланган ва унга ойнали ташқи қисм қўшилган. Шу билан қурилиш яна тўхтаган.
Изоҳ (0)