Қорақалпоғистонлик Азиз Муртазоев Facebook компаниясининг Лондондаги офисига ишга жойлашиб, бир зумда интернетда машҳур бўлиб кетди. Яқинда қозоғистонлик видеоблогерлардан бири ундан олган интервьюсини YouTube’га жойлаштирди. Суҳбатнинг қисқача мазмунини Tengri News келтиради.

Foto: Tengri News

Фото: Tengri News

Мен Нукусда туғилиб ўсдим. Шу шаҳарда мактаб йилларини ўтказдим. Болаликдан математикага қизиқдим, турли олимпиадаларда иштирок этдим. Шунингдек, инглиз тилига қизиқардим. Қайси касбни танлаш масаласи чиққанида Ўзбекистон Миллий университетининг иқтисодиёт факультетига топширишга қарор қилдим. Дастлаб ҳаммаси қизиқарли бошланди, аммо вақт ўтиши билан гуманитар соҳалар менга тўғри келмаслигини тушундим. Бир куни, учинчи курслигимда, курсдошларимдан бири талабалар учун бепул дастурлаш курси очилаётганини билиб берди. Биз танловдан ўтиб, ўқий бошладик. Бир неча машғулотдан сўнг дастурлаш мени бошқа соҳалардан кўра кўпроқ қизиқтиришини тушундим. Уч ойлик курсдан сўнг якуний лойиҳаларни тақдим этдик. Лойиҳалар натижаларига кўра Тошкент компаниялари стажировка учун талабаларни саралаб олар эди. Шу тариқа мен компаниялардан бирида олти ой ишладим. Бу мен учун бебаҳо тажриба бўлди. Олти ойдан сўнг ўқишим тугаши керак эди, ва энди ким бўлиб ишлаш масаласини ҳал қилиб бўлгандим. Мен дастурчи бўлишимни ва IT-компаниялардан бирида ишлашимни аниқ билардим.

Foto: Tengri News

Фото: Tengri News

Мен Тошкентдаги АҚШ компаниясига ишга жойлашдим. У ерда улкан миқдорда амалий билимлар олдим. Аммо икки йиллик меҳнатдан сўнг компьютер фанларининг назарий асослари етишмаётганини тушундим. Мен компьютер фанлари бўйича магистратурага ҳужжат топширишга қарор қилдим. Натижада Кореянинг Ажу университетига кирдим. Умумий ҳисобда Жанубий Кореяда беш ярим йил бўлдим. Университетда компьютер фанлари бўйича олган билимларим мен учун жуда муҳим эди, негаки дастурчи бўлганим учун бу жараёнлар қандай ўтишини тахминан тушунардим, аммо фундаментал билимларим йўқ эди. Икки йиллик ўқишдан сўнг танловдан ўтиб, Samsung Electronics жамоасига қўшилдим. Биз Samsung флагман телефонлари учун фойдаланиш интерфейси ишлаб чиқардик. Samsung Galaxy S3I, Galaxy S6 каби ускуналар учун. Умумий ҳисобда мен Samsung’да уч ярим йил ишладим. Бу вақтга келиб менга янги тажриба, янги чақириқ кераклигини тушундим.

Foto: Tengri News

Фото: Tengri News

Бир куни олдимга Facebook вакили келди ва компанияда кучимни синаб кўришни таклиф қилди. Биласизки, Facebook дастурчилар учун биринчи рақамли компания ҳисобланади. Албатта, бу таклиф мени қизиқтириб қолди. Бизда учта интервью бўлди, дастлабки иккитаси Skype орқали ўтди. Ҳар бири 60 дақиқа давом этди, дастлабки 15 дақиқа улар мендан ўтмиш тажрибам ҳақида сўрар, қолган вақт давомида эса алгоритмик вазифалар бериларди. Биринчи интервьюдан яхши ўтдим, иккинчиси эса ўзим ўйлаганчалик силлиқ кечмади. Ўтишимга амин эмасдим. Улар ҳамма нарсани умумийлаштиришини айтди — биринчи интервью натижаларини, тажрибамни, Android тизимига бўлган қизиқишимни. Шунда мен дастур яратиб, уни Google Play’га жойлаштирдим. Дастур уларга ёқди. Улар мени Facebook’нинг Калифорниядаги бош офисига таклиф қилиш қарорига келди. Бош офисда мен етакчи мутахассислар томонидан кетма-кет тўрт интервьюдан ўтказилдим. Барча интервьюлар натижаларига кўра кунлардан бир кун менга қувончли хабар етказилди — мен ўтдим, мени ишга таклиф қилишди.

Foto: Tengri News

Фото: Tengri News

Facebook’дан ташқари, мен параллель равишда Amazon компаниясига ҳам резюме топширган эдим. Мен у ерда ҳам барча босқичлардан ўтдим, у ерда ҳам мени ишга таклиф қилишди. Аммо мени Facebook’даги иш кўпроқ қизиқтирди. Бир йил муқаддам мен компаниянинг Лондондаги офисида ишлай бошладим. Бу ерда 800 киши ишлайди. Иш шароитлари ажойиб. Самарали меҳнат учун ходимларга ҳар ерда овқат, ичимликлар, чой, қаҳва қўйиб қўйилади — ҳаммаси бепул. Уч марталик овқат, эркин келиб-кетиш тартиби. Биз оддий фирмалардаги каби 9:00 дан 6:00 гача ишламаймиз. Хоҳлаган вақтда келиш, ҳатто уйдан туриб ишлаш мумкин. Чоршанба кунлари Facebook’да дам олиш — ўз ишларингни қилишинг ҳам, ишлашинг ҳам мумкин. Офисда ўйин заллари, дам олиш хоналари бор. Яъни компания одамлар самарадор бўлиши учун, ходимлар бошқа ташвишларни ўйламаслиги учун, овқат ёки ўйин учун кўчага чиқмаслиги учун қўлидан келган ишни қилади.

Ҳозир эса мен Facebook’ка кириш осон-қийинлиги ҳақидаги саволга жавоб бераман. Менинг жавобим қуйидагича: такомиллашиб бориш керак. Икки йил олдин мен бу ерда ишлашимни хаёлга келтира олмас эдим. Лекин бу амалга ошди. Олти йил олдин Жанубий Кореяда ўқийман ёки Samsung’да ишлайман деб ўйламаганман. Саккиз йил олдин дастурчи бўламан деб ўйламаганман, иқтисодиётчи бўламан деб юргандим. Лекин бари ўзгарди, асосийси — ўзингни қидириш, янги билимлар олиш. Мен оддий нукуслик боламан ва шунча ишни қила олдим. Сиз ҳам қила оласиз, асосийси — ўзингизга ишониш ва ўз устингизда ишлаш.