Apple аксессуарларининг сифати, нархлари юқори бўлишига қарамай, баъзан шубҳа остига олинади. Айтайлик, компания ускуналарига мўлжалланган оригинал кабеллар тез ишдан чиқади. Янгиси эса юқори нархда сотилади.
«Лайфхакер» зарар кўрган симни қутқариш ва янгисини олишга кетадиган пулларни сақлаб қолиш ҳақида ҳикоя қилади.
Компания смартфонларининг ингичка Lightning-улагичи яхши изоляцияга эга эмаслиги боис узоқ муддат хизмат қилмайди. Эгиладиган жойи очилиб кетганидан сўнг аксессуар бутунлай ишдан чиқади. Компания ускуналарига оригинал бўлмаган аксессуарларни ишлатишдан ҳимоя ўрнатилган, шу боис симни тузатиш лозим бўлади.
Таъмирлашда тегишли диаметрга эга оддий термоқисқарувчи найча ишлатилади. Бу нарсани ҳар қандай маиший моллар ёки техника дўконидан топиш мумкин.
Термоқисқаргич — 1–110 миллиметрлик найча бўлиб, симлар ва электр ускуналар изоляциясида қўлланади. 70–110 даражада қизитилганида найча икки баробарга қисқариб, ўзи ўраб турган симнинг шаклига мослашади. Агар тегишли диаметрдаги термоқисқаргич танланган бўлса, у ҳеч қачон симдан ажралиб кетмайди.
Қуйидаги мисолда 6 миллиметрли термоқисқаргич кўрсатилган. У штекерга кийгизилади ва керакли ҳароратда қизитилади.
Найчадан керакли ўлчамдаги бўлакни қирқиб олишда ҳар эҳтимолга қарши бир-икки сантиметр захира қилиб олиш лозим. Шундан сўнг у улагичга кийгизилиб, изоляцион тасма ёки қўл билан ҳаракатсиз ҳолга келтирилади.
Уни ҳар қандай иссиқ предмет билан қизитиш мумкин: электр кампирак, ёндиргич, газли горелка ёки чироқ. Термоқисқаргич юқори ҳарорат ва олов билан тўғридан-тўғри алоқага дош бермаслиги мумкин; олов устида кўтариладиган иссиқ ҳавонинг ўзи етарли.
Шу тариқа, кабель таъмирдан чиқади ва узоқ хизмат қилади.
Изоҳ (0)