Ўзбекистон ҳукуматининг 15 апрель, жума куни бўлиб ўтган мажлисида 2016 йилнинг биринчи чорагида ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 8,5 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар 14,4 фоизга ўсгани қайд этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Айтилишича, 2016 йилги инвестиция дастури доирасида 368 та янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди, улар бўйича қуриш ва реконструкция қилишга пудрат шартномалари белгиланган тартибда тузилди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг 37 та янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Ҳозирги вақтда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсишининг қарийб 80 фоизи иқтисодиётнинг қайта ишлаш тармоқлари томонидан таъминланаётганлиги қайд этилди.
Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг эътибори хомашёни жаҳон бозорида талаб этилган тайёр маҳсулотга чуқур қайта ишлашнинг 3-4 босқичли циклларига ўтишни назарга тутувчи 2020, 2025 ва 2030 йилларга ҳисоблаб чиқилган саноатнинг етакчи тармоқларини ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишни тугаллаш зарурлигига қаратилди.
Республиканинг бир қанча хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналари, вилоятлари ва туманлари ҳокимликлари раҳбарлари олдига 2016–2020 йилларда мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини, рангли ва нодир металларни чуқур қайта ишлаш тадбирлари ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ва қабул қилинган мақсадли параметрларга эришиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига янгидан ташкил этилган ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича йиғма бошқармаларнинг самарали ишлашини ташкил этиш, шунингдек, тармоқ тузилмалари билан биргаликда минтақаларнинг саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш, жойларда юқори қўшилган қийматли, шу жумладан, экспортга етказиб бериладиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этишнинг дастурий чора-тадбирларини ишлаб чиқиш юзасидан комплекс қўшимча чора-тадбирлар кўриш топширилди.
Изоҳ (0)