2014 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида оммавий ахборот воситалариорқали диний-маърифий мавзуларни ёритишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ижодкорларни тақдирлаш бўйича «Сарҳисоб» танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати.
Танлов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов табрик сўзи билан иштирок этдилар.
«Сарҳисоб» танловини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда буюк аллома аждодларимиз меросини ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгида ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, ушбу йўналишда фаол қатнашаётган ижодкорларни муносиб рағбатлантиришдан иборат.
Мустақиллик йиллари халқимизнинг эмин-эркин, хотиржам ибодат қилиши, динимиз арконларини тўлиқ адо этиши учун барча қулай шароитлар яратилди. Истибдод даврида қаровсиз қолган, неча йиллар давомида нураб, йўқликка юз тутиб борган юзлаб масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳ ва қадамжолар истиқлол шарофати ила таъмирланиб, ҳавас қилса арзигулик ҳолатга келтирилди. Самарқанддаги Имом Бухорий, Имом Мотуридий зиёратгоҳлари, Бухородаги Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Масжиди калон мажмуалари, Сурхондарёдаги Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Хивадаги Ичан қалъа, Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз, Хўжаи Жарроҳ каби ўнлаб обидалар дунё хазинасининг ноёб дурдонлари сафига қўшилди. Энг асосийси, бу мўътабар манзиллар оддий бир зиёратгоҳ эмас, балки халқимиз учун маънавий-руҳий тарбиянинг таъсирчан марказлари вазифасини ўтамоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ва тараққиётга дахлдор ишларни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, уларда бугунги тинч ва осуда ҳаёт учун шукроналик туйғусини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларнинг ўзига хос ўрни бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Дин ишлари бўйича қўмитанинг ушбу йўналишда олиб бораётган кенг қамровли фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Диний-маърифий мавзудаги энг яхши ижодий ишларнинг «Сарҳисоб» танлови эса бу борадаги ишларнинг ўзига хос инъикосидир.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтда дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар дин ниқоби остида сохта ғояларни тарқатиш, одамларни бузғунчилик ва қўпорувчиликка чорлаш, шу орқали тинчлик ва осойишталикка раҳна солишни мақсад қилган турли адашган гуруҳ ва оқимлар фаолиятининг кучайганини кўрсатмоқда. Улар ўз мақсадларига эришиш йўлида оммавий ахборот воситалари, айниқса, Интернет орқали одамлар онги ва дунёқарашини заҳарлашга, мусаффо эътиқодимиз асосларини бузиб талқин қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Ана шундай шароитда аҳоли, айниқса, ёшларда дин ҳақида тўғри тасаввурни шакллантириш, уларни аждодларимиз қолдирган ноёб маънавий мерос намуналаридан баҳраманд этиш алоҳида аҳамиятга эга.
Тадбирда телевидение, радио, матбуот ва Интернет йўналишларида энг яхши деб топилган ижодий ишларнинг муаллифлари ҳамда ушбу йўналишда алоҳида намуна кўрсатган тарғиботчилар махсус диплом ва ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан мукофотландилар.
Йилнинг энг фаол тарғиботчиси йўналиши ғолиблари:
I ўрин – Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар Турсунов.II ўрин – Андижон вилояти «Бурҳониддин Марғилоний» масжиди имом-хатиби Абдулаҳад Тожибоев.III ўрин – Тошкент шаҳар «Тўхтабой» масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Исоқжон Бегматов.
Йилнинг энг фаол тарғиботчиси йўналиши бўйича рағбатлантирувчи мукофотлар:
1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили Турсунали Эрбўтаев.2. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакилиДаврон Абдуқодиров.3. Тошкент шаҳар «Ҳазрат Али» масжиди имом-хатиби Салоҳиддин Шарипов.
Телевидение йўналиши бўйича энг яхши ижодий ишлар:
I ўрин – Тошкент ислом университети «Зиё» студияси.II ўрин – Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлари бош муҳарририяти («Ҳидоят сари» кўрсатуви).III ўрин – Самарқанд вилояти «Имом Бухорий» масжиди имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов.
Телевидение йўналиши бўйича рағбатлантирувчи мукофотлар:
1. «Ёшлар» телерадиоканали бош муҳаррири Камола Адилова.2. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакили Нуриддин Холиқназаров.
Радио йўналиши бўйича энг яхши ижодий ишлар:
I ўрин – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қорақалпоғистон Республикаси вакили Шамшетдин Бауатдинов.II ўрин – «Зиё чашмаси» радио эшиттиришлари режиссери Шоҳруҳ Ҳожибоев.III ўрин – Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Муҳаммадбобур Йўлдошев.
Радио йўналиши бўйича рағбатлантирувчи мукофотлар:
1. «Ориат доно» радиоси ходими Бобур Акмалов.2. Тошкент ислом университети талабаси Даврон Нурмуҳамедов.
Матбуот йўналиши бўйича энг яхши ижодий ишлар:
I ўрин – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов.II ўрин – Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази илмий котиби Комилжон Шермуҳамедов.III ўрин – Қашқадарё вилояти «Батош» масжиди имом-хатиби Абдулазиз Махсимов.
Матбуот йўналиши бўйича рағбатлантирувчи мукофотлар:
1. «Фарғона ҳақиқати» газетаси ходими Маъмура Абдурахимова.2. Физика-математика фанлари доктори, профессор Мансурхон Тоиров.
Интернет йўналиши бўйича энг яхши ижодий ишлар:
I ўрин – Novza.uz Интернет манзили муҳаррири Тошкент ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири Жалолиддин Ҳамроқулов.II ўрин – Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти директори ўринбосари Фарида Абзалова.III ўрин – «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдуқодир Пардаев.
Интернет йўналиши бўйича рағбатлантирувчи мукофотлар:
1. Ziyo.uz Интернет манзили муҳаррири Хуршида Абдуллаева.2. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмов.
Ғолиблар танлов ташкилотчиларига ўз миннатдорликларини изҳор этиб, ушбу юксак баҳо уларни диний-маърифий соҳадаги ижодий ишларини янада фаоллаштиришга ундашини таъкидладилар.
Тадбир доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Мовароуннаҳр» ва Тошкент ислом университети нашриёти томонидан чоп этилган нашрлар кўргазмаси бўлиб ўтди.