Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳокими Жаҳонгир Иброҳимовда коронавирус аниқланди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.
«Юнусобод туман ҳокими Жаҳонгир Иброҳимовда COVID-19 аниқлангани боис, ҳафтанинг ҳар жума куни фуқаролар учун ташкил этиладиган сайёр қабулни маълум муддат туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Амир Муҳитдинов ўтказади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Иброҳимов 2021 йилнинг январь ойида Юнусобод туманига ҳоким этиб тайинланганди. Бунга қадар у Бектемир тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган.
Аввалроқ Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев коронавирусга чалингани маълум бўлганди. Вилоят ҳокимлари орасида айни кунга қадар Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовлар касалликка чалиниб, даволаниб чиққан.
Пандемия даврида вафот этганлар
2020 йил 19 октябрь куни Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов вафот этгани ҳақида хабар берилди. 7 октябрь куни Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев ва Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Баҳромжон Нурматов узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этгани маълум бўлган эди. 29 сентябрь куни Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги касаллигидан вафот этгани эълон қилинган эди.20 сентябрь куни бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, 8 сентябрда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев, 22 августда Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов, 31 июлда Қорақалпоғистон раҳбари Муса Ерниязов, 24 июлда Қорақалпоғистоннинг Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев вафот этган. Уларнинг барчаси коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган.