Daryo

“Салом, футбол”. Бугундан Чемпионлар Лигаси бошланади

Бугундан Чемпионлар Лигасининг янги мавсуми бошланади. 36 жамоа янги форматда яна бир бор ўзаро куч синашади. Бу мавсумда ҳам турнирда топ-клублар ўртасидаги қизиқарли баҳслар, янги дебютантлар ва яна бир ўзбекистонлик футболчи иштироки мухлислар эътиборида бўлади. “Дарё” колумнисти Қаҳрамон Асланов ўзининг навбатдаги мақоласида шу ҳақда сўз юритади.

6 дақиқа ўқиш4 304 кўришлар0 изоҳ0

Бугундан Европа Чемпионлар Лигаси 2026/27-мавсуми бошланади ва сешанба-пайшанба кунлари 36 жамоа дастлабки босқичдаги илк ўйинларини ўтказади. Икки мавсумдирки кўпчиликка яхши таниш бўлиб улгурган янги формат бўйича ҳар бир клуб 8 тадан ўйин ўтказиши лозим.

Янги формат, кўпроқ ўйин

Бир пайтлар Чемпионлар Лигаси Чемпионлар Кубоги деб номланиб, фақат плей-оффлардан ташкил топган ва 90-йиллардан янгича форматга ўтиш УЕФА томонидан амалга оширилган энг зўр ислоҳотлардан бири бўлганди. Айнан мана шу ўзгариш турнирни энг нуфузли мусобақага айлантирди ва ташкилотга катта маблағлар олиб келди. Гап фақат форматда эмас, иштирокчилар таркибида ҳам эди.

Сабаби, илгари Чемпионлар Кубогида фақат мамлакатида чемпион бўлган клублар қатнашиб, бошқа жамоалар УЕФА кубогига йўлланма олишарди. Сезганингиздек, бу Чемпионлар Кубогидаги фаворитлар сафини анча пасайтиради. Тасаввур қилинг, ўша ҳолат сақланиб қолганида, ҳозирда Чемпионлар Лигасида “Арсенал”, “Реал”, “Интер”, “Бавария” ва “ПСЖ” қатнашиб, қолганлар — “Манчестер Сити”, “Ливерпуль”, “Реал”, “МЮ”, “Атлетико” ва бошқа жамоалар УЕФА кубогида бўлишарди. 90-йиллар бошидан эса совриндорлар ҳам Чемпионлар Лигасига ўтди ва натижада Европанинг деярли барча топ-клублари бир мусобақада йиғилишди. Бу ўзгариш маълум маънода УЕФА кубоги нуфузини пасайтириб, кейинчалик йўқолиб кетишига сабаб бўлса-да, янгича ЕЧЛ бунга арзийди.

Чемпионлар Лигасига берилган қўшимча йўлланмалар, шунингдек, миллий чемпионатлардаги интригани ҳам оширгани шубҳасиз. Энди АПЛ, Ла Лига каби лигаларда чемпионлик курашидан ташқари, кучли тўртлик, кучли бешлик учун рақобат авж олди.

COVID’дан кейинги давр эса баъзи топ-клубларга кўпроқ пул топиш эҳтиёжини юзага келтириб, Суперлига машмашаси пайдо бўлгач, УЕФА ҳам янги давр, янги ислоҳотлар вақти келганини пайқади. “Швейцарча тизим” деб аталадиган янги формат турнирга янги қон олиб киришга, кузги баҳсларнинг янада қизиқарли ўтишига ва табиийки, кўпроқ маблағлар жалб қилишга қаратилган дадил қадам эди.

Демак, энди асосий босқич иштирокчилари сони 32 тадан 36 тага оширилиб, гуруҳ форматидан воз кечилди. Энди жамоалар рейтинг бўйича 4 саватчага ажратилиб, ҳар бир жамоа ҳар бир саватчадан иккитадан рақибга эга бўлади. Тўрт ўйин сафарда, тўрт ўйин уйда тизимида ҳар бир жамоа 8 тадан ўйин ўтказгач, умумий жадвал бўйича энг яхши 8 жамоа 1/8 финалга йўл олади. 9–24-ўринларни эгаллаган жамоалар эса 8 жуфтлик ҳосил қилиб, алоҳида плей-офф ўйнайди ва ғолиблар бояги 8 жамоага қўшилиб, 1/8 финал иштирокчиларига айланади. Кейинги ўйинлар аввалгидек давом этади.

Пайқаганингиздек, энди клублар Чемпионлар Лигасининг кузги, яъни гуруҳ босқичидаги 6 ўйин ўрнига 8 та, шунингдек, 9–24-ўринларни эгаллаган жамоалар яна қўшимча плей-оффда иккитадан ўйин ўтказишади. Демак, бир жамоа учун Чемпионлар Лигасидаги юкламалар сони 2–4 учрашувга кўпайди. Шунингдек, рақиблар даражаси ҳам ошганини эътироф этиш керак.

Дастлабки босқичлардаёқ топ ўйинлар

Авваллари саватчалар бўйича 8 гуруҳ ҳосил бўлиб, нимчорак финал учун йўлланмалар ҳар бир гуруҳ учун алоҳида берилса, энди барча жамоалар бир турнир жадвалида рақобат қилишади. Гуруҳлар рейтинг асосида ташкил қилинганлиги учун бир гуруҳда икки топ-клуб бўлиб қолиши жуда кам кузатилган ҳолат бўлиб, шунда ҳам қолган икки рақиб билан муваффақиятли ўйнаш орқали ҳар икки фаворит кейинги босқич масаласини осон ҳал қиларди. Янги форматда ҳеч нарсани олдиндан айтиш қийин, аксинча, жуда кўп топ-клубларнинг кучли саккизлик ташқарисида қолиб, плей-оффда бир-бирига рўпара келиб қолган ҳолатларни ҳам кузатдик.

Энг кучли 1-саватчадаги жамоалар ҳам ўз саватчасидан 2 та рақибга эга бўлишади — мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам асосий босқичда жуда кўп топ-рақиблар тўқнаш келишини кўрсатиб турибди. Февралгача давом этадиган асосий босқичда гувоҳи бўлишимиз мумкин бўлган топ-ўйинларга эътибор беринг:

“Реал” – “Интер”, “Ливерпуль” – “Атлетико”, “Наполи” – “Арсенал”, “Атлетико” – “Манчестер Юнайтед”, “Манчестер Сити” – “ПСЖ”, “ПСЖ” – “Барселона”, “Бавария” – “Арсенал”, “Атлетико” – “Бавария”, “Арсенал” – “Боруссия”, “Манчестер Сити” – “Наполи”, “Барселона” – “Манчестер Сити”, “Арсенал” – “Реал”, “Интер” – “Ливерпуль”, “Манчестер Юнайтед” – “Бавария” ва ҳоказо. Деярли ҳар турда биз бир нечта топ-учрашувларга гувоҳ бўламиз. Дастлабки йилларда бу босқич ўйинларига баъзи топ-клублар бир оз панжа ортидан қарашган бўлса, ўтган мавсумда кучли саккизлик учун баҳс анча рақобатли бўлди, зеро юқорида айтилганидек, қўшимча плей-оффда бошқа бир кучли рақибга тушиб қолишни ҳеч ким истамайди.

Мавсум интригаси

Албатта, ҳар доим бўлганидек, навбатдаги мавсумнинг ҳам ўз фаворитлари бор. Мисол учун, Луис Энрикенинг “ПСЖ”си қаторасига икки марта ғолиб бўлган иккинчи жамоага айланди ва бу борадаги рекордчи “Реал”нинг натижасини такрорлашга бел боғлаган. Чемпион таркибини деярли сақлаб қолган парижликлар табиийки, янги мавсумни ҳам асосий фаворит сифатида бошлашади. Аммо доимгидек, бу сафар ҳам “ПСЖ”га анча қийин рақиблар тушганини эътироф этиш керак. Дастлабки босқичнинг ўзида парижликлар “Манчестер Сити”, “Барселона”, “Вильярреал”, “Рома”, “Астон Вилла”, “Комо” каби жамоаларга қарши майдонга тушади. Одатда кузги “ПСЖ” бир оз бошқача бўлишини эътиборга олсак, кучли саккизликка кириш осон бўлмайди. Аввалги икки мавсумда топ-8 га кириш учун камида 16 очко керак бўлган. Демак, 8 ўйиндан камида бештасида ғалаба қозониш керак бўлади.

Янги мавсум фаворити сифатида эса Лондоннинг “Арсенал” клуби тилга олинмоқда. Финалда фақат пенальтилар сериясида ютқазган, ёзда эса Цолис, Гимараэс, Конса каби футболчилар билан кучайган Артета жамоаси бу сафар бор имкониятини мазкур еврокубокка қаратишини бемалол тахмин қилса бўлади. Маълумот учун, “Арсенал” ўз тарихида ҳеч қачон Европанинг энг нуфузли турнирида ғалаба қозона олмаган.

Шунингдек, ўтган йили деярли ғолибларга хос ўйин кўрсатган “Бавария”, Моуриньо билан ярим таркибни янгилаган “Реал”, яримҳимоянинг ўзига ярим миллиард сарфлаб қўйган “Манчестер Сити”, худди шунча пулни ҳужум чизиғи учун сарфлаган “Ливерпуль”, доимгидек “Барселона” каби жамоалар ҳам фақат ғолиблик учун курашишади.

Бундан ташқари, уч йиллик танаффусдан сўнг яна турнирга қайтаётган “Манчестер Юнайтед”га ҳам қизиқиш катта бўлади. “Қизил иблислар” янги форматга ўтилганидан буён ҳали ушбу мусобақада қатнаша олмаётганди.

Дебютантлар, Чемпионлар Лигасида яна бир ўзбек

Австриянинг “ЛАСК” жамоаси 1965-йилдан буён илк маротаба мамлакат чемпиони бўлди ва илк бор Чемпионлар Лигасида иштирок этади. Австрияликларнинг, айниқса, “Селтик”ка қарши плей-офф ўйинлари жуда қизиқ бўлди. Сафардаги ўйинни 0:3 ҳисобида бой бериб, бунинг устига жавоб учрашувида ҳам гол ўтказиб юборган “ЛАСК” 90-дақиқада умумий ҳисобни тенглаштирди ва қўшимча вақтда ҳисобни 5:1 га етказди.

Озарбайжоннинг “Sabah” жамоаси ҳам жавоб ўйинида камбек қилишга муваффақ бўлди. 5:2 ҳисобидаги ғалаба умумий натижани 6:4 га айлантирди — охирги икки гол бу ерда ҳам қўшимча вақтда урилганини эслатиш жоиз. Қувонарли томони, қардошларимизни ўйинга қайтарган муҳим гол ҳамюртимиз Умарали Раҳмоналиев ҳисобига ёзилганди. Ўз вақтида Шацких, Денисов, Ирисметов, кейинчалик Яхшибоев, Ҳусанов каби вакилларимиз ушбу турнирда иштирок этишган эди, энди улар сафига Раҳмоналиев ҳам қўшилади. “Sabah” турнирда “Боруссия”, “Манчестер Юнайтед”, “Барселона”, “Арсенал” каби топ-рақибларга қарши баҳс олиб боради. Жамоанинг илк ўйини эса пайшанба оқшомида “Манчестер Юнайтед”га қарши сафарда бўлиб ўтади. Демак, Раҳмоналиев “Олд Траффорд”да майдонга тушган иккинчи ўзбекка айланади.

Яна бир дебютант эса Норвегиянинг “Викинг” клубидир. Мортин Йенсэн шогирдлари ўтган мавсумда мамлакат чемпиони бўлишди ва саралаш плей-офф босқичида Загребнинг “Динамо”сини доғда қолдирди.

1-тур

Юқорида айтганимиздек, 1-тур бугундан бошланади ва бу сафар ўйинлар пайшанба оқшомини ҳам қамраб олади. Баъзи учрашувлар Тошкент вақти билан 21:45 да ҳам бўлишини эътиборга олсак, шу турнинг ўзида 6 та ўйинни тўғридан тўғри томоша қилиш имкониятингиз бор.

Бугунги ўйинлар ичида “Брюгге” – “Астон Вилла” (шарҳловчи Фахриддин Туропов) ва “Реал Мадрид” – “Интер” (Ҳасан Турдиалиев) ўйинлари “Zo‘r TV” теледастуридан ўрин олган.

1-тур бўйича ўзбек мухлислари “Zo‘r TV”да, шунингдек, “Барселона” – “Фейеноорд” (Ҳасан Турдиалиев), “Ливерпуль” – “Атлетико” (Фахриддин Туропов), “Фенербаҳче” – “Рома” (Абдураҳмон Эргашев), ҳамда “Манчестер Юнайтед” – “Sabah” (Ҳасан Турдиалиев) ўйинларини томоша қилишлари мумкин.

“АEК” – “ЛАСК” (Озодбек Сатторов), “Порту” – “Манчестер Сити” (Абдураҳмон Эргашев), “Штутгарт” – “Викинг” (Озодбек Сатторов), “Наполи” – “Арсенал” (Абдураҳмон Эргашев) ўйинлари эса “Zo‘r TV” иловасида намойиш этилади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар