Бугун ва эртага Чемпионлар Лигасида чорак финал жавоб ўйинлари бўлиб ўтади. Дастлабки ўйинларнинг учтаси меҳмонлар ғалабаси билан тугаган бўлса-да, ҳали бирор жуфтликда бутунлай интриганинг ўлганини айтиш қийин. Қайсидир жиҳатдан ҳар бир жамоада вазиятни ўнглаш ва фарқни йўққа чиқариш имконияти бор. Кимдир ўз майдони факторидан, кимдир рақибнинг муаммоларидан келиб чиққан ҳолда жавоб ўйинларига умид билан қараётгани шубҳасиз. Қуйида жуфтликларни камбек бўлиш эҳтимолига қараб тартиблаб чиқилди.
“Арсенал” – “Спортинг” (биринчи ўйин 1:0)
“Арсенал” барча мусобақалардаги сўнгги тўрт ўйиндан учтасида мағлубиятга учраган бўлса-да, португалияликларнинг “Эмирейтс”даги имконияти тўртлик ичида энг пастроқ деган бўлардим. Лекин шунда ҳам бор, масалан, ўша, “Арсенал”нинг айни пайтдаги қониқарсиз формаси. Лига Кубоги финалидаги мағлубиятни тушунса бўлади, “Манчестер Сити” ўйинда бурилиш ясагунча Артета шогирдлари анча муносиб кўринаётгандилар. Аммо терма жамоалар танаффусидан кейинги ўйинларда “Арсенал”ни таниб бўлмаяпти – “Саутгемптон”дан учралган мағлубият жамоани Англия Кубогидан чиқариб юборган бўлса, “Борнмут” билан ўйиндан кейин Премьер Лигадаги устунлик ҳам хавф остида қолди. “Арсенал” агар стандарт вазиятларни қўшмаса, “Борнмут” дарвозасига атиги 0.18 xG яратди – бу мана шу статистика юритилаётганидан бери жамоа уй ўйинларидаги энг паст кўрсаткич.

“Спортинг”нинг айнан “Арсенал”га қарши ўйинларда доим муносиб ҳаракат қилиб келганини ҳам таъкидлаш керак. Португалияликлар “Арсенал”га қарши сўнгги йилларда 6 марта майдонга тушган бўлса, бирорта ҳам ғалаба қозона олмаган, аммо учта ўйин дуранг, икки ўйинда эса “Арсенал” минимал ҳисобда ғалаба қозонган. “Спортинг” ҳимояда тартибли ўйнаб, ўз имкониятини кутишга қодир жамоа.
Шунингдек, “Арсенал” учун бир оз ноқулай сценарий – 1:0 мезбонлар учун қониқарли устунлик, лекин мана шуни сақлаб қолиш учун ўйнаш керакми ёки ташаббускор футбол кўрсатиб, рискка бориш ўзини оқлайдими? Мазкур ўйиндан кейин атиги 3 уч кун ўтиб “Арсенал” “Etihad”да “Манчестер Сити” меҳмони бўлишини эътиборга олсак, Артета учун ҳужумкор бошлаб, ўйин тақдирини эртароқ ҳал қилиш ва етакчиларни сақлаб қолиш тўғридек кўринади. Умуман сўнгги мағлубиятдан кейин “Арсенал” прагматик ўйнашга ҳаққи йўқ, мухлислар олдида ўзини оқлаб олиш, ҳамда ўзига бўлган ишончни қайтариш учун ҳам чиройли ғалаба зарур.
Ўтган сафар, “Арсенал” танқидлар гирдобида қолганда “Тоттенҳэм”га қарши дербини ниҳоятда ҳужумкор ва чиройли ғалаба билан жавоб берганини эслаш мумкин. “Арсенал” сафида бир қатор етакчи футболчилар – Сака, Эдегор, Тимбер ва Калиофориларнинг ушбу учрашувда майдонга тушиши сўроқ остида. Футболчилар аввалги ўйинларда ҳам қайдномадан четда қолганди.
Тахминий таркиблар:
“Арсенал” (4-3-3): Рая, Уайт, Салиба, Габриэль, Инкапиэ, Субименди, Райс, Эзе, Мадуэке, Троссар, Гёкерес.
“Спортинг” (4-2-3-1): Сильва, Фраснеда, Диоманде, Инасио, Араухо, Симоэш, Морита, Гонсалвеш, Тринкао, Катамо, Суарес.
Ҳакам: Франсуа Летексе (Франция)
Стадион: Лондон, “Эмирейтс Stadium” (60 383 томошабин сиғимли)
15 апрель, 23:55 (Тошкент вақти билан)
“Ливерпуль” – “ПСЖ” (биринчи ўйин 0:2)
Агар дастлабки ўйинлар мазмунидан келиб чиқилса, “Ливерпуль”нинг имконияти “Спортинг”дан ҳам пастроқ баҳоланиши керак эди, зеро Слот жамоаси умуман бутун мавсумни беқарор, муаммолар гирдобида ўтказмоқда ва Париждаги ўйин тўлиқ мезбонларнинг устунлигида ўтганди ҳам. Аммо “Ливерпуль” барибир катта клуб экан, таркибида юқори даражадаги ижрочилар тўп суриши ва энг муҳими “Энфилд” сеҳрини унутмаслик керак. Ливерпульликлар ўз вақтида “Барселона” устидан афсонавий камбекни амалга оширганда ҳам испанлар яққол фаворит бўлган, “Ливерпуль” эса бир қатор етакчи футболчиларсиз ўйнаган эди. Аммо “Энфилд” муҳити ҳар қандай футболчини тўқсон дақиқа учун юлдузга айлантира олади, ҳеч содир бўлмаган, бунга эҳтимоли ҳам паст бўлган воқеалар содир бўлиши ҳеч гап эмас. Ахир бу ўйин ўтган йили Англия чемпиони бўлган ва ёзда бир қатор катта харидларни амалга оширган клуб учун мавсумни қутқариб қолишнинг ягона илинжи – “Ливерпуль” ички кубоклардан чиқиб кетган, чемпионатда ҳам максимум Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашяпти холос.

“Ливерпуль” таркибида жароҳатланган футболчилар қайтаётганини ҳам таъкидлаш мумкин, масалан, Александр Исак Парижда ҳам 12 дақиқага эга бўлган, “Фулҳэм” билан эса кўпроқ вақт ҳаракат қилди. Асосий таркибда бўлмаса-да, захирадан ўйинни кучайтириши мумкин, зеро сўнгги ойларда Слотга айнан шу жиҳат етишмаётганди. “ПСЖ”да худди ўтган йилдаги каби баҳорга келиб барча футболчилар тикланган, етарлича дам олган ҳолатда, юқори спорт формасида етиб келмоқда. Фақат Фабиан Руис ўйнай олмайди.
Париждаги ўйинни эсладик, аслида бир йил олдинги тўқнашувда ҳам “ПСЖ” ўз майдонида янада устунроқ ўйин намойиш этганди. Аммо “Ливерпуль” биргина қарши ҳужумдан ҳал қилувчи голни уриб кетган, кейин эса “Энфилд”да устунликни бой бериб қўйганди. Характер жиҳатидан ҳам бугунги ўйин бошқача – бир йил олдин мезбонлар ҳисобни сақлаб қолишга ўйнаган бўлишса, бу сафар илк дақиқалардан гол уришга отланишади. Табиийки, ички чемпионатда етарлича босим ҳис қилмайдиган парижлик футболчилар учун бу бир оз муаммоли бўлиши мумкин. Хуллас, биринчи ўйиндан келиб чиқсак, “Ливерпуль”да имконият йўқ, аммо “Энфилд” фактори туфайли бу жуфтликда ҳам интрига борлигига ишонгимиз келади.
Тахминий таркиблар.
“Ливерпуль” (4-2-3-1): Мамардашвили, Фримпонг, Конате, ван Дейк, Керкез, Гравенберх, Мак Аллистер, Салоҳ, Сабослаи, Вирц, Экитике
“ПСЖ” (4-3-3): Сафонов, Ҳакими, Маркиньос, Пачо, Мендеш, Заир-Эмери, Витиня, Невеш, Дуэ, Кварасхелия, Дембеле.Мураббийлар: Арне Слот – Луис Энрике
Мураббийлар: Арне Слот — Луис Энрике
Ҳакам: Маурисио Мариани (Италия)
Стадион: Ливерпуль, “Энфилд” (61 276 томошабин сиғимли)
14 апрель, 23:55 (Тошкент вақти билан)
“Атлетико” – “Барселона” (биринчи ўйин 2:0)
Тўрт жуфтлик ичида аслида энг қийин вазифа “Барселона”да, чунки сафарда икки тўп фарқини йўққа чиқариш керак. Қолган жамоаларда фарқ бир тўп, “Ливерпуль” эса ўз майдонида ўйнайди. Бунинг устига “Атлетико” ўз майдонидаги Чемпионлар Лигаси плей-офф ўйинларида қарийб 30 йилдан бери ютқазмай келяпти. Бунинг устига ўша 1997-йилдаги ўйинда ҳам (“Аякс” – 2:3) мезбонлар фақат қўшимча вақтда мағлубиятга учрашганди. Хўш, унда нега бу ўйиндаги камбек эҳтимолини юқорироққа жойладик?
Сабаби, агар биринчи ўйинга қараб баҳоласак, фақат шу ўйинда мағлуб томон қўшимча факторлар эвазига ютқазди. Яъни ўйин тақдирини ва сюжетини биринчи тайм охирларида мезбонлар ҳимоячиси Кубарсига кўрсатилган қизил карточка ҳал қилиб қўйди. Ўша ҳужум учун белгиланган стандарт вазият голга айланганини инобатга олсак, бу карточка “Барселона”га ҳеч қандай фойда келтирмади ҳам. Демак, биринчи ўйиндаги натижа томонлар кучини у қадар кўрсатмаслиги, меҳмонларда имконият у қадар ёмон эмаслигини кўрсатувчи бир қатор сабаблар бор.

Биринчидан, ўша қизил карточкадан кейин ҳам “Барселона” бир киши кам бўлиб тўлиқ устунлик қилди – 2-таймда зарбалар нисбати 8-1, 60-40 фоиз тўп назоратидаги ташаббус ва яна бошқа бир қатор кўрсаткичларда Флик шогирдлари ёмон кўринишмади. Демак тўлиқ таркиб билан “Барселона” бемалол ҳаракат қилса бўлади, Иккинчидан, “Атлетико”нинг ўз уйида нақадар “девор” эканини айтганимиз билан бу шунчаки статистик маълумот, зеро масалан, яқинда “Бюде-Глимт” ҳам Мадридда муҳим учрашувда камбек қилиб, ғалаба қозониб кетганди. Учинчидан, Испания кубоги учун баҳсда “Атлетико” “Барселона” устидан биринчи ўйинда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонгач, “Камп Ноу”га тўлиқ ҳимоявий режа билан ташриф буюрди ва шунда ҳам каталонияликлар уч марта рақиб дарвозасини ишғол қилишни уддалашди. Яъни ҳатто қуйи блокга қарши бўлса ҳам “Барселона”да голлар уриш имконияти бўлишини таъкидлаш керак.
“Барселона” Рафиньясиз ўйнашга мажбур, лекин яхши хабарлардан бири Фрэнки де Йонгнинг тикланиб сафга қайтганидир. Нидерландиялик яримҳимоячи салкам икки ойлик танаффусдан сўнг “Эспаньол”га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида майдонга тушди ва ҳатто ассист амалга оширишга ҳам улгурди. Унинг Педри билан жуфтлиги ўйиннинг боришида муҳим аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз.
Яна бир муҳим факт. Ла Лигада тепага ҳам, пастга ҳам тушиб кетмайдиган “Атлетико” “Севилья”га қарши сўнгги ўйинида юз фоиз иккинчи таркиб билан ҳаракат қилди. Фақат дарвозабон Муссо ўша кундагилар ичида бугун ҳам майдонга тушиши мумкин. Шу ҳолатда Ханси Флик “Эспанёл”га қарши Педрини тўлиқ 90 дақиқа ўйнатгани бир оз тушунарсиз.
Тахминий таркиблар.
“Атлетико” (4-4-2): Муссо, Молина, ле Норман, Лангле, Руджери, Симеоне, Льоренте, Коке, Лукман, Гризманн, Алварес
“Барселона” (4-2-3-1): Гарсия, Кунде, Араухо, Гарсия, Конселу, де Йонг, Педри, Ямал, Фермин, Рэшфорд, Левандовски.
Мураббийлар: Диего Симеоне – Ҳанси Флик
Ҳакам: Клеман Тюрпен (Франция)
Стадион: Мадрид, “Метрополитано” (70 460 томошабин сиғимли)
14 апрель, 23:55 (Тошкент вақти билан)
“Бавария” – “Реал” (биринчи ўйин 2:1)
Биринчи учрашувда “Бавария”нинг режаси аниқроқ ишлади, ҳар томонлама немислар устунлик қилишди, вазиятлар ҳам кўп бўлди, меҳмонлар ғалаба қозонди ҳам. Лекин рақиб айнан “Реал” бўлгани учун ҳар қандай якунни кутиш мумкин. Йўқ, асос сифатида аввалги йиллар, “Реал”нинг бу турнирдаги ўзига хос сеҳри ёки бошқа қўлга ушлаб бўлмас факторларни келтирмоқчи эмасмиз. Шунчаки, аввалги ўйинни кўринг – мана шундай бутунлай муваффақиятсиз бошланган ўйинда ҳам “Реал” бир қатор имкониятларга эга бўлдики, агар Мбаппе ва Винисиус аслида доим гол уриб юрган вазиятларидан бу сафар ҳам нормал шаклда фойдаланишганда бемалол ҳатто ғалаба ҳам қозониши мумкин эди. Ўта даражада супер ўйин ёки зарбалар ҳақида айтилмаяпти, шунчаки одатий вазиятлар ҳам етарлича бўлди ва “Реал” фойдалана олмаганди. Меҳмонлар дарвозабони Мануэль Нойернинг 10 сейв билан учрашувнинг энг яхшиси деб топилиши ҳам шундан далолат.
“Реал” дастлабки ўйиннинг иккинчи таймини “Бавария” учун ноқулай, ўзи учун эса жуда мос бўлган картинага ўзгартира олди – деярли майдон марказисиз кечган ўйинда меҳмонлар йирик ҳисобда ғалаба қозонишлари ҳам, “Реал” вазиятни ўнглаши ҳам мумкин эди. Менга шундай эҳтимоллар жангида одатда индивидуал маҳорат ҳам ўта муҳим бўлиб, айнан шу жиҳатдан мадридликлар “Бавария”дан кам эмас.
Қолган барча жиҳатларда “Бавария” ўзининг умуман тарихдаги энг яхши мавсумларидан бирини ўтказмоқда. 29 ўйинда 105 гол бу ҳатто Бундеслиқа учун ҳам космос даража. Жамоа бу мавсум атиги икки марта мағлубиятга учради, бирорта ўйинни гол урмасдан тарк этмади. Компани учун энг муҳим вазифа – мана шу тартибни сақлаб қолиш, “Реал”нинг қопқонига тушиб қолмаслик. Чунки ўтказиб юборилган гол жамоада қўшимча босим ва ишончсизлик олиб келади. “Бавария” эса бундай шартларда ўзини қандай кўрсатиши маълум эмас.

Қизиқ факт, ушбу жамоалар плей-оффда тўқнаш келган сўнгги 5 Чемпионлар Лигасида мана шу жуфтлик ғолиби якунда совринни ҳам уйига олиб кетган. 2014, 2017, 2018 ва 2024 йиллардаги “Реал” кубокни қўлга киритиш йўлида “Бавария” тўсиғидан ҳам ўтган бўлса, 2012/13 мавсумидаги чорак финалда немислар устун келишган ва якунда мазкур кубокни қўлга киритишган.
Тахминий таркиблар:
“Бавария” (4-2-3-1): Нойер, Станишич, Упабекано, Та, Лаймер, Киммих, Павлович, Олисе, Гнабри, Диас, Кейн.
“Реал”: (4-4-2): Лунин, Александр-Арнольд, Рюдигер, Милитао, Гарсия, Гулер, Вальверде, Беллингҳам, Питарч, Винисиус, Мбаппе.
Мураббийлар: Венсан Компани – Альваро Арбелоа
Ҳакам: Славко Винчис (Словения)
Стадион: Мюнхен, “Альянц Арена” (75 024 сиғимли)
15 апрель, 23:55 (Тошкент вақти билан)








