Ўзбекистон терма жамоаси яримҳимоячиси Азиз Ғаниев фаолиятини Бирлашган Араб Амирликларининг “Банияс” клубида давом эттиради. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
“Азиз Ғаниев марказий яримҳимояда ўзининг юқори техник салоҳияти ва катта тажрибаси билан ажралиб туради. Бундан ташқари, Ғаниев Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида халқаро майдонларда, жумладан, 2026 йилги Жаҳон чемпионати доирасидаги учрашувларда ҳам иштирок этган. Бу эса уни “Банияс” учун яқин босқичда муҳим кучайтирувчи футболчилардан бирига айлантиради”, дейилади хабарда.
“Банияс” клуби 1982-йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирга қадар БАА Кубоги (1991/91) ҳамда Форс кўрфази клублари Чемпионлар Лигасида (2012) зафар қучган. Ушбу жамоани руминиялик Даниэль Исаила бошқаради.
“Банияс” БАА Пролигаси иштирокчиси ҳисобланади. Клуб 4-турдан сўнг 0 очко билан турнир жадвалининг 13-поғонасини эгаллаб турибди. Transfermarkt портали жамоанинг умумий қийматини 11 миллион еврога баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Азиз Ғаниевнинг сўнгги жамоаси БААнинг “Ал-Батеҳ” клуби ҳисобланади. Ярим ҳимоячи 2024 – 2026-йилларда Шаржа шаҳри клуби шарафини ҳимоя қилган. 2025/26 йилги мавсум якунларига кўра, “Ал-Батеҳ” Пролигани 13-ўринда якунлаб, Биринчи Лигага тушиб кетган эди.
Маълумот учун, аввалроқ “Банияс” сафида Ўзбекистон терма жамоаси яримҳимоячилари Акмал Мозговой ва Отабек Шукуров ҳам тўп тепган.








