Мадриднинг “Реал” клуби ёзги трансферлар вақтида таркибни шакллантиришда катта хатога йўл қўйди. Жамоа марказда ҳам ҳужумкор, ҳам ҳимоявий ўйин ярата оладиган яримҳимоячини харид қилмади. Бу ҳақда Fichajes нашри хабар берди.
Флорентино Перес бошчилигидаги клуб раҳбарияти ҳимоя ва ҳужум чизиғини бутунлай қайта қуриб, жами олтита трансферни амалга оширди. Лекин жамоага энг керакли бўлган плеймейкер позициясига эътибор қаратилмади. Яъни клуб хўжайинлари бош мураббий Жозе Моуриньонинг тактик талабларини эътиборсиз қолдирган.
Мадридликларнинг трансферлар бозоридаги сусткашлиги ушбу амплуадаги асосий ўйинчиларнинг қўлдан чиқишига олиб келди. “Барселона” 60 миллион евро эвазига Родрини ўз сафига қўшиб олган бўлса, “Манчестер Сити” Энсо Фернандес учун 145 миллион евро тўлади. Шунингдек, Моуриньонинг бошқа асосий нишонлари — Матеуш Фернандеш “Тоттенҳэм”га, Бруно Гимарайс эса “Арсенал”га ўтиб кетди.
Гарчи Марк Кукуреля, Иброҳим Конате, Дензел Дюмфрис, Карлос Эспи, Бернарду Сильва ва Ян Диоманде каби футболчилар билан шартнома имзоланган бўлса-да, мадридликлар сафида жамоани рақиб прессингидан олиб чиқадиган соф плеймейкер йўқ. Энди Моуриньода марказдаги ўйин схемасини ўзгартириш ва кейинги трансферлар ойнасигача бор имкониятлардан фойдаланишдан бошқа чора қолмади.
Маълумот учун, “Реал” Ла Лиганинг янги мавсумини йўқотишларсиз бошлади ва дастлабки учта турда ғалаба қозонди. “Қаймоқранглилар” навбатдаги учрашувни 4 сентябрь куни сафарда “Бетис”га қарши ўтказади.








