Венесуэлада 24 июнь куни юз берган иккита кучли зилзилада ҳалок бўлганлар сони қарийб 3000 кишига етди. Бу ҳақда France 24 хабар берди.
Мамлакат парламенти спикери Хорхе Родригеснинг айтишича, табиий офат қурбонлари сони камида 2954 кишини ташкил этган, 16 592 дан зиёд киши жароҳатланган. Зилзиладан ўн кун ўтган бўлса-да, халқаро қутқарув гуруҳлари вайроналар остидаги қидирув ишларини аста-секин якунламоқда. Ўн минглаб одам ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиий офатларда одамларни қутқариш учун дастлабки 72 соат ҳал қилувчи палла ҳисобланади. Зилзиладан кейинги дастлабки соатларда, қутқарувчилар етиб келгунига қадар, кўпчилик вайроналар остидан ўз яқинларини мустақил равишда қидиришга мажбур бўлган.
Венесуэлада вайронкор “сейсмик дуплет”
24 июнь куни пойтахт Каракас шаҳридан ғарбда, атиги 38-39 сония оралиғида 7,2 ва 7,5 магнитудали иккита зилзила содир бўлди. Бу мамлакатда охирги 125 йил ичида юз берган энг кучли ер силкинишларидир. Уларнинг ортидан ўнлаб афтершоклар қайд этилган, оқибатда кўплаб уйлар қулаб тушган.
Табиий офат халқаро аэропорт ва мамлакатдаги энг йирик денгиз порти жойлашган Ла-Гуайра штатига энг оғир зарба берди. Зилзила муносабати билан мамлакат ҳукумати фавқулодда ҳолат ва етти кунлик мотам эълон қилди.
Аввалроқ Венесуэлада зилзиладан уч кун ўтиб аёл ва унинг 18 кунлик чақалоғи қутқарилганди. Табиий офатдан олти кун ўтгач эса уч яшар бола вайроналар остидан тирик олиб чиқилган. Шунингдек, зилзиладан 8 кун ўтганида 44 ёшли эркак омон қолган.








