АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Малида ҳарбий операция ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Операция “Ал-Қоида” билан боғлиқ бўлган ЖНИМ гуруҳига қарши қаратилади. Бу ҳақда The Washington Post нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Газетанинг ёзишича, АҚШнинг юқори мартабали расмийлари орасида ушбу гуруҳга зарба бериш бўйича ягона тўхтамга келинмаган. Оқ уй матбуот котиби Трамп Малига зарба беришни режалаштираётгани ёки йўқлиги ҳақида аниқ маълумот беришдан бош тортди.
Аммо у Қўшма Штатлар Шимолий ва Ғарбий Африка мамлакатларини аксилтерроризм саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун Америка техникаси ва хизматларини сотиб олишга чақираётганини қўшимча қилди. Шунингдек, Оқ уй минтақавий ҳамкорлар ҳамда НАТО бўйича иттифоқчиларни ЖНИМ ва ИШИДга қарши урушда Саҳал альянси (Мали, Буркина Фасо ва Нигер)га ёрдам беришга чақирмоқда.
Сўнгги йилларда Мали, Буркина Фасо ва Нигерда ҳарбийлар давлат тўнтаришларини амалга оширди. Улар демократик ҳукуматларни ағдарди. Оқибатда бу мамлакатлар Ғарб билан алоқаларни узиб, хавфсизлик масаласида Россияга юзланди. Оқ уй манбасининг нашрга билдиришича, Москва “Мали учун хавфсизлик бўйича самарасиз ҳамкор эканини кўрсатди”.
“Бошқа Африка мамлакатлари Россиянинг терроризмга қарши курашдаги омадсиз тажрибасидан хулоса чиқаради деган умиддамиз”, деди манба.
Агар АҚШ ҳукумати операцияни амалга оширишга қарор қилса, Мали Трамп иккинчи муддатга сайлангандан бери ҳаво зарбалари беришга буйруқ берган саккизинчи давлатга айланади. Бунга қадар Яман, Сомали, Сурия, Эрон, Ироқ, Нигерия ва Венесуэлага зарбалар берилган эди.
Малидаги вазият
Малини 2021 йилги давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга келган ҳарбий хунта бошқармоқда. Туарег исёнчилари кўп йиллардан бери мамлакат шимолида ўз давлатини тузишга уриниб келмоқда. “Ал-Қоида” ва ИШИД билан боғлиқ гуруҳлар эса ўн йилдан ортиқ вақтдан бери ҳукумат кучларига қарши қуролли кураш олиб бормоқда.
2024 йилдан бери Малида Россия Мудофаа вазирлигининг “Африка корпуси” фаолият юритмоқда. У ушбу ҳудудда “Вагнер” тузилмалари ўрнини эгаллади ва расмий ҳарбий ҳокимият томонида туриб жанг қилмоқда. 9 июнь куни маҳаллий аскарлар ва “Африка корпуси” ҳарбий тузилмаси жангчиларини олиб кетаётган карвонга ҳужум қилингани ҳақида хабар берилганди.








