АҚШ президенти Дональд Трамп 14 август куни Эрон устидан якуний ғалаба қозонилгач, Ҳормуз бўғозини “Қўшма Штатлар ҳудуди” деб эълон қилишни режалаштираётганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Нью Йорк штати полиция академиясидаги учрашувда сўзга чиққан Оқ уй раҳбари ҳозирда сув йўлини Ислом Республикаси портларини тўсиб турган америкалик ҳарбийлар назорат қилаётганини қайд этган.
“Эрон устидан ғалабани якунига етказганимиздан сўнг — улар ҳозир жуда қаттиқ мағлубиятга учраяпти — яқин орада Ҳормуз бўғозини Қўшма Штатлар ҳудуди деб эълон қиламан. Аслида ҳозирнинг ўзида вазият шундай. Блокада бизда. Биз истамасак, ҳеч бир кема у ердан ўта олмайди”, деди Трамп.
Эрон ҳукумати ҳам февраль ойида АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга қарши уруши бошланганидан буён кемачилик тўхтаб қолган бўғозни ўзлари тўсиб қўйганини даъво қилмоқда.
Трамп Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб билиши ҳақидаги баёнотига ҳеч қандай изоҳ бермаган.
“Бундай чора минтақага қўшинларни муддациз жойлаштиришни талаб қилади, ваҳоланки Оқ уй раҳбари аввалроқ Эрон билан уруш қисқа муддатли бўлишини айтган эди”, деб ёзади CNN.
Бунгача Трамп Вашингтон Гренландия ва Панама канали устидан назорат ўрнатмоқчи эканини таъкидлаган, шунингдек, Венесуэлани “АҚШнинг 51-штати” деб атаган эди.
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Қосим Ғарибободий Трампнинг баёнотини шарҳлар экан, Ислом Республикаси “АҚШнинг таҳдидлари ва куч намойишларига берилмаслигини” таъкидлаган.
Эроннинг Ҳормуз бўғозини очиш бўйича АҚШга қўйган талаблари
Можаро бошланганидан ярим йил ўтиб, Ҳормуз бўғозининг қамал қилиниши ҳамда Вашингтон ва Теҳроннинг ушбу стратегик сув йўли назорати борасидаги баҳси туфайли жаҳон нефть захиралари камайишда давом этмоқда. Аввалроқ Эрон ҳукумати Ҳормуз бўғозини кемачилик учун очиш мақсадида АҚШ олдига янги талаблар рўйхатини қўйган эди. Улар орасида уруш учун товон тўлаш ва санкцияларни бекор қилиш каби талаблар бор.
Шу билан бирга, Трамп бўғоз АҚШ назорати остида эканини бир неча бор даъво қилган. Бир неча кун аввал у америкалик ҳарбийлар Ҳормузни миналардан тозалаганини айтганди. Шунингдек, Оқ уй раҳбарининг фикрича, Теҳронга иқтисодий босимни кучайтириш янги зарбаларга қараганда самаралироқ бўлиб, мамлакат ҳукуматини ён беришга мажбур қилиши мумкин.








