10 июлдан 11 июлга ўтар кечаси АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида ўтаётган Жаҳон чемпионати чоракфиналининг яна бир қизиқарли ўйини бўлиб ўтади. Навбатдаги баҳсда Испания АҚШнинг Инглвуд шаҳридаги “SoFi” аренасида Бельгия миллий жамоаси билан куч синашади. Қуйида ушбу учрашув олдидан жамоаларнинг жисмоний ҳолати, таркибдаги йўқотишлар ҳамда бош мураббийларнинг фикрлари ҳақида батафсил маълумот берилади.
Испания миллий жамоасининг ҳолати ва тайёргарлиги
Луис де ла Фуэнте шогирдлари Жаҳон чемпионатида ишончли тарзда ҳаракат қилмоқда. Улар мундиалнинг “H” гуруҳида Кабо-Верде, Саудия Арабистони ва Уругвайга қарши ўйнаб, биринчи ўрин билан кейинги босқичга йўл олган эди. 1/16 финалда ҳеч қандай қийинчиликсиз Австрияни тор-мор этди (3:0). Нимчоракфиналда эса Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия устидан кичик ҳисобда (1:0) ғалаба қозониб, ушбу босқичга етиб келди.
Айни дамда Испания ҳужум чизиғи сермаҳсуллик борасида мақтана олмаса-да, ҳимоя ва дарвозабоннинг тартибли ўйини эвазига жамоа дарвозаси дахлсизлиги сақлаб қолинмоқда. “Реал Сосьедад” ҳужумчиси Микель Ойарсабаль (4 та гол, 1 та ассист) ва жамоанинг асосий плеймейкери Алекс Баэна (1 та гол, 1 та ассист) ўзини яхши кўрсатаётган бўлса, жамоа етакчиси Ламин Ямал ўзидан кутилган ўйинни тўлиқ намойиш қила олмаяпти (турнирда бор-йўғи 1 та гол урди). Шунингдек, қанот ҳимоячилари Марк Кукуреля (2 та ассист) ва Педро Порро (1 та гол) умумий натижага ҳисса қўшмоқда.
Таркибдаги йўқотишлар ва муаммолар
“Қизил фурия” сафида йўқотишлар ва жароҳат олганлар йўқ. Барча футболчилар оптимал формада.
- Эҳтимолий бошланғич таркиб (4-2-3-1): Унай Симон; Педро Порро, Пау Кубарси, Эмерик Лапорт, Марк Кукуреля; Родри, Педри; Ламин Ямал, Дани Ольмо, Алекс Баэна; Микель Ойарсабаль.
Луис де ла Фуэнте: “Бу энг қийин ўйин бўлади”
Испания устози чоракфиналдаги рақибга бўлган ҳурмати ва жамоасининг руҳий ҳолати ҳақида тўхталиб ўтди:
“Эртанги ўйин биз учун шу вақтгача дуч келганларимиз ичида энг қийини бўлади. Бельгия — жуда кучли жамоа. Уларнинг таркибида Европанинг энг номдор клубларида ўз даражасини исботлаган, тажрибали ва ғалаба қозонишга ўрганган футболчилар бор. Бизни жуда жиддий ва мураккаб синов кутяпти”.
Бельгия миллий жамоасининг ҳолати ва тайёргарлиги
Руди Гарсия қўл остидаги Бельгия жамоаси “олтин авлод” давридагидек ёрқин бўлмаса-да, мундиалда яхши иштирок этмоқда. Улар “G” гуруҳида Миср ҳамда Эрон билан дуранг қайд этиб, охирги турда Янги Зеландияни йирик (5:1) ҳисобда енгди ва гуруҳ пешқадами сифатида плей-оффга чиқди. 1/16 финалда Сенегалга қарши муросасиз кечган баҳснинг асосий вақти жанговар дуранг (2:2) билан якунланди. Қўшимча бўлимларнинг 120-дақиқасида Ромелу Лукакунинг голи эвазига “Қизил иблислар” кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Нимчоракфиналда эса мезбон АҚШ қийинчиликсиз таслим этилди (4:1).
Айни дамда Бельгия ҳужум чизиғи сермаҳсуллик борасида Испанияникидан кўра яхшироқ ҳаракат қилмоқда. Ҳозирда жамоанинг энг яхши тўпурари Ромелу Лукаку (3 та гол, 1 та ассист) бўлиб турибди. Шунингдек, вингер Леандро Троссард (2 та гол, 2 та ассист), марказий яримҳимоячи Юри Тилеманс (2 та гол), сардор Кевин де Брюйне (1 та гол) ва “Аталанта”нинг ҳужумкор вакили Шарл де Кетеларе (2 та гол, 1 та ассист) жамоанинг ғалабаларига улкан ҳисса қўшмоқда.
Таркибдаги йўқотишлар ва муаммолар
Бельгияликлар сафида жиддий йўқотиш бор. Жамоанинг таянч ярим ҳимоячиси Амаду Онана АҚШга қарши кечган нимчоракфинал баҳсида оғир жароҳат олгани сабабли Испанияга қарши майдонга туша олмайди. У биринчи бўлимдаги вазиятларнинг бирида ҳаводаги тўп учун курашдан сўнг ноқулай тарзда ерга йиқилган ва учрашувнинг 20-дақиқасидаёқ захирага олинган эди. Инсайдер Фабрицио Романонинг хабар беришича, Онананинг тизза хочсимон пайлари узилган. Энди у Жаҳон чемпионатининг қолган қисмини ўтказиб юборади. Футболчининг тикланиши учун тахминан 7-8 ой вақт талаб этилиши кутилмоқда.
- Эҳтимолий бошланғич таркиб (4-2-3-1): Тибо Куртуа; Тимоти Кастан, Нгу, Брендон Михеле, Максим Де Кёйпер; Николас Раскин, Ханс Ванакен, Юри Тилеманс; Жереми Доку, Леандро Троссард; Шарл де Кетеларе.
Руди Гарсия: “Кўпчилик бизни аутсайдер деб ҳисобласа ҳам, ғалаба учун ҳамма ишни қиламиз”
Бельгия бош мураббийи чоракфинал олдидан ўз жамоасининг имкониятларини қуйидагича баҳолади:
“Биз турнирнинг асосий фаворитларидан бирига қарши ўйнашимизни яхши биламиз. Испания тўп назорати бўйича дунёда энг яхшиси ва улар сўнгги 15-20 йилдан бери ҳамма танийдиган ўз услубида ўйнаб келмоқда. Аммо бизда ҳам ажойиб жамоа шаклланган. Биз ушбу Жаҳон чемпионатида энг кўп гол урган иккинчи жамоамиз (13 та гол) ва бугун кутилаётган голлар (хG) кўрсаткичи бўйича энг юқори ўринда турган рақибга қарши майдонга тушамиз. Буни уддалай олишимизга ишонамиз. Гарчи бу баҳсда кўпчилик бизни аутсайдер деб ҳисоблаётган бўлса-да, уларга муносиб қаршилик кўрсатиш ва ғалаба қозониш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз”.
Ўзаро ўйинлар тарихи
Ушбу жамоалар мундиаллар тарихида икки бор тўқнаш келган. 1986-йили Мексикада ўтказилган ЖЧ чоракфиналидаги ўйиннинг асосий вақти дуранг билан якунланган ва пенальтилар сериясида белгияликларнинг қўли баланд келган. Иккинчи баҳс 1990-йили Италиядаги мусобақанинг гуруҳ босқичига тўғри келган бўлиб, унда “қизил фурия” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Ўйин ҳақида маълумотлар:
- Мусобақа: ЖЧ-2026, чоракфинал
- Стадион: “SoFi Stadium”, Инглвуд (АҚШ)
- Вақт: 10 июлдан 11 июлга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан 00:00 да
- Ҳакам: Майкл Оливер (Англия)








