Саудия Арабистони футбол федерацияси президенти Ёсир Ал-Мишал миллий терма жамоанинг 2026-йилги Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокидан сўнг ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирган.
Функционер ўз мурожаатида терма жамоанинг натижалари учун тўлиқ жавобгарликни бўйнига олишини таъкидлаган:
“Мен ва директорлар кенгашидаги ҳамкасбларим Саудия футболини ривожлантириш учун барча имкониятларни ишга солдик ҳамда мамлакатимиз ва мухлислар ишончини оқлашга интилдик. Бироқ миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионатининг кейинги босқичига чиқа олмагани — умумий мақсадларимизга мос келмайдиган натижа бўлди. Бунинг учун тўлиқ масъулиятни ўз зиммамга оламан ва терма жамоани бундан-да муносиброқ ўринда кўришни умид қилган барчадан узр сўрайман.
Масъулият янги босқич учун имконият яратиб беришни талаб қилади, деган эътиқоддан келиб чиқиб, ўз ваколат муддатим тугамасдан ишни якунлашга қарор қилдим. Амалдаги тартиб-қоидаларга мувофиқ, янги директорлар кенгашини сайлаш жараёни бошланади.
Мен ўз лавозимимни тарк этяпман, бироқ ватанимга хизмат қилишда ҳамда Саудия спортининг ривожланиши ва муваффақиятига ҳисса қўшадиган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этаман. Бу йўлда биз билан бирга бўлган барчага, хусусан, мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман. Агар умидларингизни оқлай олмаган бўлсак, кечирим сўрайман”.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони миллий терма жамоаси ЖЧ—2026 гуруҳ босқичида кутилган ўйинни намойиш эта олмади. Жамоа ўз гуруҳида атиги 2 очко жамғарган ҳолда сўнгги ўринни эгаллади ва плей-офф босқичига йўлланма ололмади.








