АҚШнинг Ҳьюстон шаҳридаги “NRG” стадионида ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 2-туридан ўрин олган Португалия ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув ниҳоясига етди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтган баҳс европаликларнинг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашув Ўзбекистон терма жамоаси учун оғир бошланди. Португалияликлар илк дақиқаларданоқ тўп назоратини тўлиқ ўз қўлига олиб, олдинга ташланди. Натижада ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ жамоа сардори Криштиану Роналду Абдувоҳид Неъматов қўриқлаётган дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон вазиятни ўнглаб улгурмасдан, Португалия ҳисобни иккитага оширди: 17-дақиқада қанот ҳимоячиси Нуну Мендеш жарима зарбасидан гол уриб, ўз номини таблога ёздириб қўйди. Ўзбекистон футболчилари ҳимояда зич ўйнашга, Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев орқали қарши ҳужумга қочишга ҳаракат қилган бўлса-да, Роберто Мартинес шогирдлари бунга деярли имкон бермади.
31-дақиқада Ўзбекистон гол уришни уддалаган эди. Аммо Азиз Ғаниевнинг голи қоидабузарлик сабаб бекор қилинди. Биринчи бўлим охирларига келиб, 39-дақиқада Криштиану Роналду ҳимоядаги бўшлиқлардан фойдаланган ҳолда учрашувдаги ўзининг иккинчи голини урди ва ҳисобни йирик кўринишга келтирди (3:0). Биринчи бўлим шу ҳисобда якунланди.
Иккинчи бўлимда Ўзбекистон терма жамоаси ўйинни тартибга солишга ва ҳимояни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди, бироқ вазият ижобий томонга ўзгармади. Учрашувнинг 60-дақиқасида дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди (автогол) ва орадаги фарқ тўрттага етди.
Ўйиннинг асосий вақти якунланишига саноқли дақиқалар қолганида, аниқроғи 87-дақиқада Рафаэл Леау Ўзбекистон дарвозасини бешинчи бор ишғол қилиб, учрашувдаги якуний нуқтани қўйди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 5 дақиқа ичида ҳисоб ўзгармади. Шу тариқа, Португалия терма жамоаси ишончли ғалабани қўлга киритди. Айни пайтда Португалия К гуруҳида 4 очко билан 1-ўринни эгаллаб турган бўлса, Ўзбекистон ҳисобида ҳозирча очко мавжуд эмас. Гуруҳдаги иккинчи баҳс эса Колумбия ҳамда Конго ДР ўртасида бўлиб ўтади. Мазкур ўйин 24 июнь тонгида бўлиб ўтади.
Жаҳон чемпионати
Гуруҳ босқичи, 2-тур, К гуруҳи
Португалия — Ўзбекистон 5:0
Голлар: 1:0 — Криштиану Роналду (6), 2:0 — Нуну Мендеш (17), 3:0 — Криштиану Роналду (39), 4:0 — Абдувоҳид Неъматов (60, автогол), 5:0 — Рафаэл Леау (87).








