Daryo

Бельгия “Толибон” вакилларига виза берди

Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари бир кунга Брюсселга ташриф буюради. Хавфсизлик сабабли ташриф санаси очиқланмади.

1 дақиқа ўқиш3 566 кўришлар0 изоҳ2

Бельгия “Толибон” ҳаракатининг беш нафар вакилига бир кунлик муддатга амал қиладиган виза берди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Одри Жаке маълум қилди.

Маълум қилинишича, “Толибон” вакиллари миграция ва Афғонистонга депортация қилиш масалалари бўйича Европа Иттифоқи йиғилишида иштирок этади. Берилган визалар ҳам амал қилиш муддати, ҳам географик кўлами жиҳатидан чекланган бўлиб, фақат Бельгия ҳудудида ҳаракатланиш имконини беради. Хавфсизлик сабабли “Толибон” вакилларининг Брюсселга келиши санаси расман ошкор этилмаган. Аммо европалик икки расмий вакил делегацияга фақат 23 июнь, сешанба куни амал қиладиган виза берилганини айтди.

Май ойида Европа Иттифоқи “Толибон” вакилларини улар билан “техник даражада” афғонларни ватанига юбориш масаласини муҳокама қилиш учун Брюсселга таклиф қилгани маълум бўлганди. Европа Иттифоқи давлатларида бўлиш ҳуқуқига эга бўлмаган ва уларнинг хавфсизлигига таҳдид солаётган Афғонистон фуқароларини қайтариш режалаштирилган.

Eurostat маълумотларига кўра, 2013 йилдан 2024 йилгача Афғонистон фуқаролари Европа Иттифоқи мамлакатларига қочқин мақомини олиш учун 1 миллиондан ортиқ ариза топширган. Мурожаатларнинг тахминан ярми қаноатлантирилган. 2025 йилда ҳам афғонлар ЕИ давлатларида бундай аризаларни энг кўп топширганлар бўлди.

2021 йил август ойида “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади. Шунга қарамай, Европа Иттифоқининг 20 га яқин давлати аллақачон афғонларни ўз ватанига депортация қилмоқда. Кўплаб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу амалиётни танқид қилмоқда. Сабаби депортация қилинганлар, айниқса аёллар, журналистлар, собиқ давлат хизматчилари ва фаоллар таъқиб, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қийноқларга дуч келиши мумкин.

Европа парламенти 17 июнь куни Европа Иттифоқида қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган мигрантлар учун учинчи давлатларда миграция марказларини ташкил этишга рухсат берувчи қонунни маъқуллади. Аввалроқ Politico нашри Қозоғистон ва Ўзбекистонни бундай марказлар учун эҳтимолий локациялар сифатида тилга олганди. Кейинчалик ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари бу маълумотни рад этган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар