АҚШ ҳукумати Эрон билан эришилган келишув натижасида 100 га яқин эронликни мамлакатдан депортация қилди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Маълум қилинишича, АҚШ томонидан ижарага олинган чартер рейс 29 сентябрь куни Луизиана штатидан ҳавога кўтарилган. Самолёт бугун, 30 сентябрда Қатар орқали Эрон ҳудудига етиб келиши режалаштирилган. Ушбу депортация Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги камдан-кам учрайдиган ҳамкорлик натижасидир. Бу қарор бир неча ой давом этган музокаралардан сўнг амалга оширилган.
Оқ уй ва АҚШ давлат департаменти бу борада расмий баёнот бермаган. Айни пайтда, Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп сўнгги ойларда мамлакатда ноқонуний яшаётган муҳожирларни узлуксиз депортация қилишда давом этмоқда. У бунга собиқ президент Жо Байден даврида ноқонуний чегарабузарликларнинг кўпайганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.
Трампнинг бу қарорлари аҳоли орасида кенг норозиликлар келтириб чиқармоқда. Шунга қарамай, расмийлар муҳожирларни ўз ватанидан бошқа давлатларга юбориш учун янги механизмлар ишлаб чиқмоқда.
The New York Times’нинг ёзишича, депортация қилинган эронликларнинг шахси ва АҚШга кириш сабабларига аниқлик киритилмаган. Улардан баъзилари бир неча ой давомида муҳожирлар марказларида сақлангач, ихтиёрий равишда кетишга розилик билдирган, бошқалари эса бунга мажбур қилинган. АҚШ 2025 йил бошида Коста-Рика ва Панамага бир гуруҳ эронликларни депортация қилганди. Уларнинг аксарияти насронийликни қабул қилган ва ўз мамлакатида та’қибларга учраганди.








