Афғонистоннинг ғарбий Ҳирот провинциясида Эрон ҳудудига ноқонуний киришга уриниш чоғида уч нафар муҳожир совуқ об-ҳаво оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган афғон армияси расмийсининг сўзларига кўра, ҳодиса Коҳсон тоғли туманида юз берган.
“Эрон-Афғонистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган уч киши совуқ об-ҳаво туфайли ҳаётдан кўз юмди”, деди расмий.
Шунингдек, ўша ҳудудда бир чўпоннинг ҳам жасади совуқдан қотган ҳолда топилгани хабар қилинган.
Маълум бўлишича, муҳожирлар 17 декабрь куни чегарани кесиб ўтишга уринаётган гуруҳ таркибида бўлган, бироқ Афғонистон чегара кучлари томонидан тўхтатилган. Қидирув ишлари ўша кечанинг ўзида бошланган бўлса-да, жасадлар 18 декабрь куни топилган. Шу билан бирга, TOLOnews нашрига кўра, сўнгги икки кун ичида кучли қор ёғиши ва совуқ ҳарорат фонида камида 30 кишининг жасади топилганi ҳақида хабар бермоқда.
Оммавий депортациялар
БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги (UNHCR) маълумотларига кўра, 2025-йилнинг январдан ноябрь ойи охиригача Эрон расмийлари 1,8 миллиондан ортиқ афғонистонликни ўз ватанига қайтишга мажбур қилган. Ташкилот бу қайтаришларнинг аксарияти мажбурий ва тазйиқ остида амалга оширилганини таъкидламоқда.
Агентлик ўз сайтида эълон қилган ҳисоботда бундай оммавий депортациялар Афғонистоннинг аллақачон танқис бўлган ресурслари ва хизматларига оғир юк бўлиб тушаётганини қайд этган. Бу эса одамларни яна янги миграция йўлларини излашга, жумладан, Покистон ва Эронга қайтадан ноқонуний йўллар билан киришга уринишга мажбур қилмоқда.
Шу ҳафтада Амнестй International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти мамлакатга қайтарилаётганлар учун жиддий хавф мавжудлигини айтиб, афғонистонликларни мажбурий депортация қилишни тўхтатишга чақирганди.
Афғонистондаги оғир шароитлар
Ҳозирда Афғонистон бир вақтнинг ўзида бир нечта инқирозлар билан курашмоқда. Хусусан, сўнгги ойларда мамлакатда икки марта кучли зилзила юз берган. Мамлакатда ишсизлик даражаси 75 фозига етган. Бундан ташқари, аёлларнинг ишдан ва жамоат жойларидан четлатилиши (БМТ буни “гендер апартеиди” деб атаган) сабабли мамлакат халқаро санкциялар остида қолмоқда.
БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг 16 декабрь кунги ҳисоботига кўра, мамлакатда 17 миллиондан ортиқ киши озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекмоқда. Инфратузилманинг заифлиги ва иқлим ўзгаришига нисбатан ўта таъсирчанлик мамлакатдаги умумий вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.








