Лондоннинг “Челси” клуби Мадриднинг “Реал” жамоаси ярим ҳимоячиси Арда Гюлер трансферини кўриб чиқмоқда. Ушбу келишув қиймати 100 миллион фунт стерлингни (тахминан 116 миллион евро) ташкил этиши мумкин. Бу ҳақда Transfer News Live нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, футболчини сотиб олишни “Челси”нинг янги бош мураббийи Хаби Алонсо шахсан ўзи сўрамоқда. “Реал”да Гюлер билан бирга ишлаган испан мутахассиси энди уни “Челси”га олиб келишни мақсад қилган.
Бироқ мадридликлар раҳбарияти туркиялик юлдузни сотишни режалаштирмаяпти. “Реал” Англия Премьер Лигасининг бошқа грандлари — “Ливерпуль” ва “Арсенал” томонидан бўлаётган жиддий қизиқишларга қарамай, Гюлернинг кетишига мутлақо қарши. Футболчининг ўзи ҳам фаолиятини айнан “қироллик клуби” сафида давом эттириш ниятида эканини маълум қилган.
Маълумот учун, Арда Гюлернинг “Реал” билан амалдаги шартномаси 2029-йилнинг июнига қадар мўлжалланган. Ортда қолган мавсумда у барча турнирлар доирасида жами 51 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 6 та гол ва 14 та голли узатмани ёздириб қўйди. Transfermarkt портали 21 ёшли футболчининг айни пайтдаги бозор қийматини 90 миллион еврога баҳоламоқда.








