Daryo

Британия мудофаа вазири Кир Стармер билан низо ортидан истеъфога чиқди

Жон Ҳили бош вазирнинг мудофаа соҳасидаги режалари мамлакат хавфсизлигини таъминлай олмаслигини айтиб, танқид қилди.

2 дақиқа ўқиш5 421 кўришлар0 изоҳ3

Буюк Британия мудофаа вазири Жон Ҳили 11 июнь куни ҳарбий харажатлар борасидаги келишмовчилик туфайли истеъфога чиқди. У бош вазир Кир Стармерни таҳдидлар кучайган бир вақтда мамлакатни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳукумат ресурсларини ажратмаётганликда айблади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Кутилмаган истеъфо кескин танқидий очиқ хат билан бирга эълон қилинди. Бу ҳолат етакчилик учун курашга дуч келаётган Стармерга босимни янада оширади.

“Шунингдек, бу ҳукумат марказидаги инқирозни кўрсатиб қўйди: ортиқча пул бўлмаган бир вақтда мудофаа харажатларини қандай ошириш мумкин?”, дейилади хабарда.

Британия Мудофаа ва Молия вазирликлари ҳарбий харажатларни кенгайтириш бўйича бир неча ойдан бери музокара олиб бормоқда. Шу сабабли 2025 йилда эълон қилиниши керак бўлган Британия Мудофаа инвестиция режаси (DIP) кечикмоқда.

Ҳарбий раҳбарларнинг таъкидлашича, Россия Британия сувларига тез-тез бостириб кираётган бир вақтда кучайиб бораётган таҳдидга қарши туриш учун ушбу режа жуда зарур. Бироқ ҳукумат қарзларни камайтиришга қийналмоқда.

Бу шов-шувли истеъфо Стармер ҳокимиятни сақлаб қолиш учун курашаётган бир вақтга тўғри келди. Май ойида 80 нафар депутат унинг истеъфосини талаб қилган эди. 

“Сиз таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги вақтда мамлакатни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ресурсларни ажратишга қодир бўлмадингиз. Молия вазирлиги эса буни хоҳламади”, деб ёзди Ҳили Стармерга йўллаган хатида.

Британия мудофаа саноати режанинг кечиктирилишидан ғазабда. Уларнинг айтишича, бу ҳолат узоқ муддатли дастурларга инвестиция киритишга халақит бермоқда.

Британия ҳозирда АҚШнинг Европани ҳимоя қилишдан узоқлашаётгани муаммосига дуч келмоқда. Шу билан бирга, АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши Британиянинг ҳарбий тайёргарлиги йўқлигини кўрсатиб қўйди. Британия ҳарбий-денгиз кучлари ушбу минтақага замонавий ҳарбий кемани зудлик билан сафарбар эта олмади.

Мудофаа режасидан мақсад қуролли кучларнинг жанговар шайлик ҳолатига ўтишини таъминлаш учун ҳарбий техника ва хизматларни молиялаштиришдир. Стармер 10 июнь куни ушбу режа 7 июлда бошланадиган НАТО саммитидан олдин эълон қилинишини айтган эди.

“Сизнинг молиявий қарорингизни мен илк бор шу ҳафта бошида кўриб чиқдим. У ушбу хавфли вақтда мудофаа ва мамлакат учун зарур бўлган талаблардан анча паст”, деди Ҳили ўз мактубида.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар