Daryo

“Лондонга урушга қўшилиш бўйича босим ўтказилмоқда”: Британия Ҳормузни блокада қилишга қарши чиқди

Бош вазир Кир Стармер мамлакат ҳар қандай босимга қарамай, Эрон билан урушга аралашмаслиги ва Ҳормуз бўғози блокадасида иштирок этмаслигини айтди.

2 дақиқа ўқиш3 344 кўришлар0 изоҳ4

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер 13 апрель куни мамлакат ҳар қандай босимга қарамай, Эронга қарши урушга аралашмаслиги ва Ҳормуз бўғози блокадасида иштирок этмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

“Биз блокадани қўллаб-қувватламаймиз”, деди Стармер BBC’га берган интервьюсида. Унинг таъкидлашича, бўғознинг қайта очилишини таъминлаш ўта муҳим масала.

“Назаримда, бўғознинг тўлиқ очиқ бўлиши ҳаётий заруриятдир. Сўнгги бир неча ҳафта давомида бор кучимизни айнан шунга сарфладик ва бу ҳаракатларни давом эттирамиз”, дея қўшимча қилди бош вазир.

Стармер минтақада Британиянинг миналарни тозаловчи кемалари борлигини қайд этди. Ҳарбий операциялар тафсилотларини очиқлай олмаслигини билдирган ҳолда, у Британия ҳарбий салоҳияти фақат бўғозни тўлиқ очишга йўналтирилганини айтди.

“Урушга кириш учун ҳуқуқий асос керак”

Бош вазирнинг айтишича, Лондонга урушга қўшилиш бўйича босимлар бўлмоқда. Бироқ Стармер аниқ ҳуқуқий асос ва пухта ўйланган режа бўлмагунча, бу қадамни ташламаслигини билдирди.

“Менинг қарорим жуда қатъий: қандай босим бўлмасин — ваҳоланки, босим анча жиддий бўлди — биз бу урушга тортилишимизга йўл қўймаймиз”, деди у.

Эрон билан урушни тўхтатиш бўйича дам олиш кунлари ўтказилган музокаралар муваффақиятсиз якунлангач, АҚШ ҳарбийлари 13 апрелдан бошлаб Эрон портлари ва қирғоқ ҳудудларига кирувчи ва чиқувчи барча денгиз қатновларини блокада қилишни бошлашини маълум қилди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, блокада душанба куни Тошкент вақти билан 19:00 да бошланади. Чекловлар Эроннинг Араб кўрфази ва Уммон қўлтиғидаги барча портларига нисбатан, барча давлатлар кемалари учун холис тарзда қўлланади. Эронники бўлмаган портларга бораётган ёки у ердан келаётган кемаларга Ҳормуз бўғози орқали ўтишда тўсқинлик қилинмайди.

“Жаҳаннамга равона бўлади”

АҚШ президенти Дональд Трамп 12 апрель куни ижтимоий тармоқларда Эрон фойдасига бож тўлаган ҳар қандай кема халқаро сувларда Вашингтон кучлари томонидан тўхтатилишини айтди.

“Ноқонуний бож тўлаётган ҳеч кимга очиқ денгизда хавфсиз ўтиш кафолатланмайди. Бизга ёки тинч кемаларга қарата ўт очган ҳар қандай эронлик жаҳаннамга равона бўлади!”, деб ёзди Трамп ўз саҳифасида.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар