Ўзбекистон миллий терма жамоаси июнь ойида Канада ва Нидерландияга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувлари ўтказиб, ҳар иккисида ҳам мағлуб бўлди (0:2, 1:2). Ушбу ўйинлар натижасига кўра, Фабио Каннаваро жамоаси FIFA рейтингида жами 6,6 очко йўқотди.
2 июнь куни Канада терма жамоаси билан ўтказилган учрашув 2:0 ҳисобида канадаликлар фойдасига якунланди. Натижада Ўзбекистон терма жамоасининг рейтинг очкоси 4,13 тага камайди. 9 июнь куни Нидерландияга қарши кечган иккинчи назорат учрашувида Каннаваро жамоаси 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Мазкур ўйин натижасига кўра Ўзбекистон яна 2,47 очкодан айирилди.
Очко йўқотилганига қарамай, Ўзбекистон қитъанинг энг кучли беш жамоаси қаторидаги ўрнини сақлаб қолди. Қитъада Япония (1661,58), Эрон (1619,58), Жанубий Корея (1591,63) ва Австралия (1579,34) терма жамоалари юқорида бормоқда. Осиё минтақасидаги кучли ўнликни эса мос равишда Ироқ (1451,16), Қатар (1450,31), Саудия Арабистони (1421,54), Иордания (1387,73) ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари (1370,47) якунлаб турибди.
Маълумот ўрнида, янгиланган онлайн рейтингда амалдаги Жаҳон чемпиони Аргентина 1876,11 очко билан биринчи ўринга кўтарилиб олди. Иккинчи поғонани Испания (1873,87 очко) банд этган бўлса, кучли учликка Франция (1870,69 очко) якун ясаган.








