Daryo

АҚШ Куба президенти ва унинг рафиқасига санкция киритди

Чекловга тушганлар рўйхатида Кастро оиласининг икки аъзоси ва бошқа ташкилотлар ҳам бор.

1 дақиқа ўқиш4 338 кўришлар0 изоҳ2

АҚШ 4 июнь куни Куба президенти Мигел Диас Канелга нисбатан санкция жорий этди. Шунингдек, унга алоқадор бир қанча шахслар ва ташкилотлар ҳам чекловлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигига тайниб Reuters хабар берди.

Санкциялар яна тўрт нафар жисмоний шахс ва бешта ташкилотни нишонга олди. Улар орасида Куба президентининг рафиқаси Лис Куэста Пераза, Кастро оиласининг икки аъзоси ҳамда Инқилобий қуролли кучлар вазирлиги бор. Куба ҳукумати ҳозирча санкцияларга муносабат билдирмади.

66 ёшли Мигел Диас Канел 2018 йилдан бери Кариб денгизи давлатини бошқариб келмоқда. У ҳокимиятни Кубанинг собиқ раҳбари Фидел Кастронинг укаси Рауль Кастродан қабул қилиб олган эди.

Вашингтон босими ва Кубанинг кескин жавоби

Пайшанба кунги чекловлар Вашингтоннинг оролдаги коммунистик раҳбарларга босимни кучайтириш борасидаги сўнгги қадами бўлди. Санкциялар эълон қилинган вақтда АҚШ президенти Дональд Трамп журналистлар билан гаплашаётган эди. У Қўшма Штатлар Кубанинг “яхши бошқариладиган давлат” бўлишини хоҳлашини айтди.

Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бу санкцияларни кескин қоралади. У чекловларни “жирканч” деб атади ва буни АҚШ интервенсиясининг (бошқа давлат ишларига аралашишининг) навбатдаги намунаси деб таърифлади.

“АҚШнинг икки давлат ўртасида низо сценарийсини яратишга қаратилган ҳар қандай ҳаракати муваффақиятсизликка маҳкумдир”, деб ёзди Родригес.

Вашингтон ҳукумати май ойида ҳам Кубанинг 11 нафар мансабдор шахсига нисбатан санкция қўллаган эди. Уларнинг орасида мамлакат алоқа вазири, бир қанча ҳарбий раҳбарлар ва Кубанинг асосий разведка агентлиги бор.

Бундан ташқари, АҚШ Рауль Кастрони қотилликда айблади. У 1996 йилда содир бўлган воқеага алоқадорликда гумон қилинмоқда. Ўшанда Кубанинг МiG-29 қирувчи самолёти “Қутқарувчи биродарлар” (Brothers to the Rescue) ташкилотига тегишли иккита Cessna самолётини уриб туширган эди. Оқибатда самолётлар бортидаги тўрт киши ҳалок бўлган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар