Финляндия Россиянинг 3,7 миллион евро миқдордаги маблағини мусодара қилди. Бу пуллар Европа Иттифоқининг трансчегаравий ҳамкорлик дастурини молиялаштириш учун ажратилган эди. Бу лойиҳада Финляндия Россия билан бирга иштирок этган. Бу ҳақда мамлакат қарз ундириш органининг қарорига таяниб “РБК” хабар берди.
Маълум қилинишича, даъвогарлар аввалгидек Украинанинг “Нафтогаз” давлат энергетика компанияси ва унинг шўба корхоналари бўлди. Россия маблағ ажратган ушбу лойиҳа дастлаб чегара ҳудудларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган эди.
Аниқлик киритилишича, Финляндия қарз ундириш агентлиги муқаддам ҳам Украина томонининг талаби билан Россия активларини тортиб олган. Бироқ аввалари бу фақат кўчмас мулкларга тегишли бўлган. Масалан, 2023 йилда Финляндияда Россия фан ва маданият марказининг ери ҳамда биноси мусодара қилинган эди. 2025 йилда эса Финляндия суди Россия активларини мусодара қилиш қарорини кучда қолдирди.
Украинанинг “Нафтогаз” энергетика компанияси талабига кўра, Финляндия ижро хизмати Россиянинг умумий қиймати камида 40 миллион евролик ўнлаб активларини тортиб олган.
“Нафтогаз”нинг даъво аризаси Гаага арбитраж судининг қарорига асосланган. Мазкур суд 2023 йилда Россия зиммасига компаниянинг Қримдаги мулклари учун 5 миллиард доллар тўлаш мажбуриятини юклаган эди. “Нафтогаз” агар Москва суд қарорини ихтиёрий равишда бажаришдан бош тортса, пулларни бошқа давлатлар орқали мажбурий ундиришини маълум қилганди.
Москва эса 2019 йилдаёқ Гаага арбитраж судининг бу масаладаги ваколатини тан олмаслигини билдирган. Россия ҳар қандай санкцияларни ноқонуний деб ҳисоблайди. 2024 йил октябрь ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Финляндия расмийларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб баҳолаган ва бунга жавоб чоралари кўрилишини ваъда қилган.








