Қирғизистон Қозоғистондан келган 6 тонна гуручни ортга қайтариб юборди. Бу ҳақдан Қирғизистон Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлигига таяниб 24.kg хабар берди.
Қозоғистондан келган юк 1 июнь кунки “Ак-Жол” постида фитосанитария назоратидан ўтказилган. Натижада юкнинг фитосанитария сертификатида кўрсатилган маълумотлар транспортга алоқадор ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мос келмаган.
“Евросиё иқтисодий иттифоқи божхона ҳудудида карантин фитосанитария назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3.7-бандига мувофиқ, ушбу юк жўнатувчига қайтарилди”, дейилади хабарда.
Қирғизистон 28 май куни Ўзбекистондан олиб келинган 21 тонна тарвузни ортига қайтариб юборганди. Тарвузлар 28 май куни “Дўстлик” постида фитосанитария назорати давомида текширилган. Натижада карантин остидаги маҳсулот қадоғида мажбурий маркировка йўқлиги аниқланган.
Бу эса Евросиё иқтисодий иттифоқининг карантин фитосанитария талабларини бузиш ҳисобланади. Оқибатда юкни Қирғизистон ҳудудига олиб кириш тақиқланган ва маҳсулот қонунчилик талабларига мувофиқ ортга қайтариб юборилганди.
Шунга ўхшаш ҳолатлар 2025 йилда ҳам кузатилган. Хусусан, Қирғизистон Ўзбекистондан экспорт қилинган 3,5 тонна пистани ва 21 тонна қовунни ортга қайтарган. 2026 йилда эса тарвуздан ташқари салкам 27 тонна пиёз ва 80 минг тупдан ортиқ кўчат Ўзбекистонга қайтариб юборилганди.








