Қирғизистон президенти Садир Жапаров собиқ президент Алмазбек Атамбоев давридаги аппарат раҳбари Фарид Ниёзовни афв этди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Ниёзов Қўй-Тош воқеалари иши бўйича қамоққа олинган эди. Қирғизистон президенти аппаратининг собиқ раҳбари етти йил-у саккиз ойга озодликдан маҳрум этилганди. Қўй-Тош воқеалари бўйича иш судда 2022 йилдан буён кўриб чиқилмоқда. Мазкур ишга Бишкек ИЭС, “Дастан” заводи ва ер участкалари билан боғлиқ айбловлар ҳам қўшилган. Ушбу айбловлардан бирида собиқ ички ишлар вазири Абдилда Суранчиев ва собиқ энергетика вазири Аскарбек Шадиевларнинг исмлари тилга олинган. Умумий ҳисобда 20 киши айбланувчи тариқасида кўриб чиқилмоқда, улардан 12 нафари бевосита Қўй-Тош воқеаларига алоқадор.
Атамбаевнинг қўлга олиниши ва унга қарши ишлар
Қирғизистон махсус хизматлари 2019 йил 8 августда Атамбаевни пойтахтдан 20 километр узоқликдаги Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида қўлга олган эди. 2025 йил июнь ойида суд Атамбаевни сиртдан 11 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилган.
Атамбаев Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғида ер участкаларини ноқонуний олишда, шунингдек, Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизация қилишдаги коррупция ва 7-8 август кунлари Қўй-Тош қишлоғида оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбдор деб топилган. Собиқ президентга нисбатан мол-мулкини мусодара қилиш ва барча давлат мукофотларидан маҳрум этиш жазоси ҳам белгиланган.
2023 йил февраль ойида собиқ президент Алмазбек Атамбоев қамоқдан озод этилганди. Унга даволаниш учун чет элга чиқишга рухсат берилган. Шундан сўнг у ватанига қайтиб келмаган. 2025 йил охирида Атамбаев барча давлат мукофотларидан маҳрум этилган. У 2011-2017 йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган ва 2019 йил июнида дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилган.








