Дунёдаги энг йирик криптобиржа Binance’дан Теҳроннинг санкцияларни четлаб ўтишдаги асосий ёрдамчиси деб аталадиган эронлик тадбиркор Бобак Занжоний билан боғлиқ тармоқ фойдаланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Текширув маълумотларига кўра, сўнгги икки йил ичида ушбу тармоқ ҳисоблари орқали қарийб 850 миллион долларлик криптовалюта ўтказилган. Санкциялар бўйича мутахассислар маблағларнинг бир қисми Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан алоқадор тузилмаларни молиялаштиришга йўналтирилган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Қайд этилишича, Binance шубҳали фаолият ҳақида ички огоҳлантиришларни қайд этган, бироқ айрим ҳисоблар бир неча ой давомида ишлаб турган. Улар орасида Зедcех криптокомпанияси ҳамда Занжонийга яқин шахсларнинг ҳисоблари тилга олинган. Шубҳали операциялар тўғрисидаги ички билдиришномаларга қарамай, асосий ҳисоб камида 15 ой давомида фаолият юритган ва 2026 йил январь ҳолатига кўра ҳам фаол бўлган.
Binance бу айбловларни рад этиб, биржа санкцияга учраган шахслар билан операциялар ўтказишга йўл қўймаслигини ва сўнгги йилларда комплаенс ҳамда пул ювишга қарши кураш тизимини сезиларли даражада кучайтирганини таъкидлаган.
Март ойида WSJ АҚШ ҳукумати Binance’нинг санкцияларни айланиб ўтиб, Эронни молиялаштиришга алоқадорлигини ўрганиш бўйича тергов бошлагани ҳақида хабар берган эди. Компания айбловларни рад этиб, газетани туҳмат қилишда айблаб судга берган. WSJ ва The New York Times нашрларининг ёзишича, ноқонуний ўтказмалар бўйича ички текширув олиб борган ходимлар Binance томонидан ишдан бўшатилган. Шундай бўлса-да, платформа раҳбарияти Эронни молиялаштириш схемасини тўхтатмаган.
Апрель ойида АҚШ Эрон билан алоқаси бор 344 миллион доллар миқдоридаги криптовалютани музлатгани хабар қилинганди. 2025-йили Исроилнинг Эронга ҳарбий зарбалари фонида ҳакерлар Эроннинг энг йирик криптобиржасидан қарийб 90 миллион доллар ўғирлаган эди.








