Daryo

Литва дрон хавфи сабаб аҳолини бошпаналарга яширинишга чақирди

Мактаб ва боғчаларга болаларни бошпаналарга олиб кириш буюрилди. Баъзи ҳудудларда аэропорт ва поезд қатновлари тўхтатилди. Дроннинг қайси давлатга тегишли экани аниқланмади.

2 дақиқа ўқиш2 814 кўришлар0 изоҳ3

Литва 20 май куни мамлакат ҳаво ҳудудига дрон киргани сабабли ҳаво хавфи ҳақида огоҳлантириш берди. Аҳолидан бошпаналарга яшириниш сўралди ва пойтахт аэропортидаги қатновлар тўхтатилди.

Вазият сабаб Вильнюс вилоятида поездлар ҳаракати ҳам тўхтатилди. Деярли бир соат давом этган ҳолатда мактаб ва боғчаларга болаларни бошпаналарга олиб кириш буюрилди.

“Зудлик билан хавфсиз жойдан бошпана топинг, яқинларингизга ғамхўрлик қилинг ва янги тавсияларни кутинг”, дейилади Литва армияси пойтахт Вильнюс аҳолисига юборган хабарда.

Ҳозирда авиа ва поездлар ҳаракати қайта тикланган. Бироқ мамлакатнинг баъзи ҳудудларида ҳаво хавфи ҳақидаги огоҳлантиришлар ҳамон кучда қолмоқда. Бундай огоҳлантириш Вильнюсдаги парламент биносида ҳам эълон қилинди. Ўша вақтда бинода депутатлар ва вазирлар бор эди.

Литва мудофаа вазири Робертас Каунас ерости бошпанасида Reuters агентлигига интервью берди. Унинг айтишича, ҳарбий самолётлар таҳдидни бартараф этишга ҳаракат қилган.

“НАТОнинг ҳаво ҳудудини қўриқлаш миссияси ишга туширилди. Улар Литва ҳаво ҳудудида аниқланган дронни нишонга олмоқда”, деди Каунас.

20 май куни эрталаб Литва Инқирозларни бошқариш миллий маркази баёнот берди. Унга кўра, қўшни Беларусь ҳудудида Литва томон учаётган дрон аниқланган ва шу сабабли огоҳлантириш эълон қилинган. Марказ дроннинг қаерга тегишли экани ҳали тасдиқланмаганини қўшимча қилди.

Украина Россияга, жумладан, Болтиқ денгизи атрофидаги ҳудудларга узоқ масофага учувчи дронлар билан ҳужумларини кучайтирди. Март ойидан бери Украинанинг бир нечта ҳарбий дрони НАТО аъзолари бўлган Финляндия, Латвия, Литва ва Эстония ҳаво ҳудудига адашиб кирди. Бу давлатларнинг барчаси Россия билан чегарадош ҳисобланади.

“ТАСС” нашрига кўра, Кремльин матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам 20 май куни ушбу масалага муносабат билдирган. Унинг айтишича, Россия ҳарбийлари Болтиқбўйи давлатлари ҳаво ҳудуди орқали учаётган дронлар билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва тегишли жавоб чорасини ишлаб чиқмоқда.

Украинанинг ашаддий тарафдорлари ҳисобланган Болтиқбўйи мамлакатлари дронлар билан боғлиқ ҳодисаларда Москвани айблади. Уларнинг таъкидлашича, Киев Россиянинг ҳарбий нишонларига зарба бериш ҳуқуқига эга.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар