АҚШнинг Айдахо штатидаги авиашоу вақтида иккита қирувчи самолёт ҳавода тўқнашиб кетди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Ҳодиса 17 май куни Gunfighter Skies авиашоусининг трюклар ижроси пайтида содир бўлган. АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари ушбу авиаҳодиса оқибатида EА-18 Growler русумли иккита қирувчи самолёт ҳалокатга учраганини тасдиқлаган. Тўрт нафар экипаж аъзосининг барчаси муваффақиятли катапулта қилинган, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.
Mountain Home авиабазаси маълумотларига кўра, ҳалокат жойидаги ёнғин қуршаб олинган, қидирув-қутқарув гуруҳи томонидан топилган учувчиларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Авиашоу ҳалокатдан сўнг дарҳол бекор қилинган ва томошабинлардан ҳаво кучлари базасига бормаслик сўралган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳодисадан уч кун олдин АҚШнинг Оҳаё штатида енгил моторли самолёт уй устига қулаб тушганди, ўшанда икки киши ҳалок бўлган. Piper PА-28 самолёти тўғридан тўғри турар жой биноси устига қулаган. Оқибатда воқеа жойида кучли ёнғин юзага келган. Ҳалокат вақтида уй ичида тўрт кишидан иборат оила (эр-хотин ва икки бола) бўлган. Кучли ёнғинга қарамай, улар жароҳатларсиз ташқарига чиққан. Аммо самолёт бортидаги икки киши воқеа жойида ҳалок бўлганди.








