Москвадаги 9 май парадида иштирок этган Малайзия қироли Иброҳим Исмоил Россияни Aurus Senat русумли лимузини билан тарк этди. Бу ҳақда монархнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар берилди.
Монарх Facebook’даги саҳифасида Россияда ишлаб чиқарилган ушбу автомобилга эгалик қилишни “алоҳида шараф” деб атади. У мазкур лимузин Малайзия ва Россия ўртасидаги “мустаҳкам дўстлик ва илиқ муносабатлар рамзи” ҳисобланишини таъкидлади.
Қирол автомобилни харид қилганми ёки у совға сифатида олганми ҳозирча номаълум. Маълумот учун, Aurus Senat (“Кортеж” лойиҳаси) Кремлнинг Сенат минораси шарафига номланган. Автомобиль 4,4 литрли V8 ва умумий қуввати 598 от кучига эга электромоторга асосланган гибрид қувват қурилмаси билан жиҳозланган. Салон қисмида premium материаллардан фойдаланилган, унинг махсус версиялари эса зирҳланган бўлади.
2026 йил 9 май куни Қизил майдонда ўтган парад тахминан 45 дақиқа давом этди ва замонавий тарихдаги энг қисқа парадлардан бирига айланди. Бундан ташқари, сўнгги 19 йил ичида илк бор тантанали юриш ҳарбий техникаларсиз ўтди. Минбарларга депутатлар ва вазирлар чиқарилмади, Путинга фақат Хавфсизлик кенгаши аъзолари, палата спикерлари Матвиенко ва Володин ҳамда куч тузилмалари раҳбарлари ҳамроҳлик қилди.
Хорижий меҳмонлар ҳам анча саноқли бўлди. Парадда Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Шунингдек, тадбирда Лаос етакчиси, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Абхазия ва Жанубий Осетия раҳбарлари ҳамда Серб Республикаси (Босния ва Герсеговина) раҳбарияти қатнашди.








