Рамзан Қодировнинг Чеченистон ҳукуматида ишлаган жияни Якуб Закриев Сербия фуқаролигини олди. Бу ҳақда Сербия бош вазири Журо Матсут имзолаган буйруққа таяниб “Nedeljnik” хабар берди.
Ҳужжатга кўра, паспорт “Сербия Республикаси манфаатлари учун” берилган. Якуб Закриев Чеченистон раҳбарининг опа-сингилларидан бирининг ўғли ҳисобланади. У Грозний мэри ва Чеченистон қишлоқ хўжалиги вазири лавозимларида ишлаган.
2023 йил июль ойида у Россия президенти Владимир Путиннинг фармони билан “Danone Россия” бош директори этиб тайинланганди. Мазкур компания Францияга тегишли Danone бўлиб, у миллийлаштирилган. 2025 йилда Закриев “Ахмат” футбол клуби президенти ҳам бўлди.
Ҳозирда Danone’дан тортиб олинган ва “Логика молока” деб ўзгартирилган компания расман чеченистонлик тадбиркор, илгари Чеченистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари ва Грозний мэри ўринбосари бўлган Руслан Алисултановга тегишли. Ушбу шахс Сербия фуқаролигини (2024 йил март ойида) Рамзан Қодировнинг бошқа яқинлари, “Ростех” ходимлари ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ишлаган ташкилотлар вакиллари билан бирга олган. Бу ҳақда “Важниэ истории” ва Сербиянинг жиноятчилик ва коррупцияни тергов қилувчи КРИК тармоғи қўшма суриштирувда маълум қилган.
Болқонлик сиёсатшунос Александр Джокич Сербия ҳукумати Путин элитаси вакилларига ушбу мамлакатда яшовчи оддий россияликларга зарар етказган ҳолда паспорт бераётганини таъкидлади.
“Бу бутун бошли тенденция: Сербия ҳукумати Россия сиёсий ва иқтисодий элитасига Европага визасиз кириши учун фуқаролик бермоқда. Бошқа томондан, Еврокомиссия томонидан ҳаддан ташқари кўп паспорт берганлик учун танқид қилинмаслик мақсадида оддий россиялик муҳожирларга фуқаролик берилмаяпти”, деди у.
2025 йил ноябрь ойидаги Еврокомиссия ҳисоботида айтилишича, россияликларга Сербия паспортларини бериш “Европа Иттифоқи хавфсизлиги учун потенциал хавф туғдиради”. Чунки улар Сербия фуқаролари сифатида Европа Иттифоқига визасиз кириш ҳуқуқига эга.








