2006 йил 7 октябрь. Кремльда Путиннинг туғилган куни нишонланмоқда. Шу куни Россия президентининг ашаддий танқидчиси бўлган журналист Анна Политковская Москвадаги квартирасидан чиқаётганда, лифтда отиб ўлдирилади. Журналистнинг ўлимида ўша пайтда Лондонда қувғинда юрган тадбиркор Борис Березовский айбланади. Бироқ Аннанинг ҳаммаслаклари қотилликни Путиннинг туғилган кунига совға сифатида ФСБ уюштирганини айтишади.
СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россияда ҳам талатўп замонлар бошланди. Социалистик тузумдан воз кечган бу давлатнинг ҳам бошқалар каби эркин бозор тамойилларига асосланган тузумга ўтиши қийин кечди.
Шунингдек, иттифоқ даврида ишлаб турган аксарият корхоналар тўхтаб қолди. Оқибатда инфляция юқори даражада бўлиб, халқнинг турмуш тарзи кескин тушиб кетди.
Бунинг устига давлатга тегишли аксарият йирик корхоналар Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин билан дўстона алоқаларда бўлган шахсларга сув текинга бериб юборилди.
Масалан, кейинчалик иккинчи президент Путиннинг қаҳрига учраган Борис Березовский, Михаил Ходорковский, Гусинский, Роман Абрамович ва бошқалар ўша даврларда долларда миллиардерларга айланишганди.
Ельцин бошқаруви даврида мамлакатдаги сиёсий вазият ҳам барқарор эмасди. Чеченларнинг мустақиллик учун ҳаракат бошлаши Россия учун катта муаммолар келтириб чиқаради.

Фото: conrad2001.narod.ru
Жумладан, 1994-1996-йилларда Биринчи чечен уруши бўлиб ўтади. Бу урушда Россия армияси катта талафотларга учрайди ва 1996 йил 31 август куни ҳукумат чеченлар билан сулҳ тузишга мажбур бўлади.
Сулҳга кўра, Россия армияси Чеченистондан тўлиқ олиб чиқилади. Чеченистоннинг келажакдаги мавқеи 2001-йилгача музлатилади. Бироқ 1999 йил август ойида Россия федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ – собиқ КГБ) раҳбари бўлиб турган Путин Россия ҳукумати раиси лавозимини эгаллагач чеченларни бўйсундириш учун яна уруш бошланади.
Иккинчи чечен урушининг асосий воқеалари 2000 йил апрелгача тугайди ва унда Россия ғалаба қозонади. Бироқ чеченлар яна бир неча йил партизанлик урушини олиб боришади ва Россия армиясига қаршилик кўрсатишади. Кейинчалик ана шу урушда Россия ҳарбийлари чечен халқига, тинч аҳолига нисбатан мислсиз хунрезликлар амалга оширгани маълум бўлади.
Россия армиясининг Чеченистондаги ваҳшийликлари
Иккинчи чечен уруши давом этар экан, қўли устун келаётган Россия армияси Чеченистонда ғайриинсоний жиноятларни ҳам амалга оширади. Ўша пайтда россиялик кўплаб журналистлар ҳамда жамоат фаоллари Россия ҳарбийлари тинч аҳолини ҳам ўлдираётгани ва бошқа жиноятларни содир этаётгани ҳақида бонг уришарди.
Ана шундай ҳарбий жиноятлардан бири 2000-йилда содир бўлади. Россия армияси подполковниги Юрий Буданов 18 ёшли чечен қизини аввал зўрлайди, сўнг ўлдиради. Кўп ўтмай Будановнинг бу жинояти оммага ошкор бўлади.
Афсуски уруш пайтида рус ҳарбийларини чечен халқига нисбатан содир этган хунрезликларининг барчаси ҳам оммага ошкор бўлмаган.

Фото: commons.wikimedia.org
Россиялик ҳарбийларнинг Чеченистонда тинч аҳолини ҳам ўлдираётгани ва бошқа жиноятлари ҳақида бонг урганлардан бири россиялик журналист Анна Политковская эди.
Бу аёл уруш кетаётган пайтда “бошини дорга тикиб” бўлса-да Чеченистонга боради ва шу ерда Россия ҳарбийларининг ёвузликларига гувоҳ бўлади. Сўнг кўрган кечирганлари ҳақида бутун дунёга жар сола бошлайди.
Аннанинг бу иши Россиядаги тузумга ёқмайди ва орадан бир неча йил ўтгач бу аёл Россия президентининг туғилган кунида отиб кетилади. Шу тариқа соф виждонли журналист аёл маҳв этилади.
Ноҳақликларга чидай олмаган журналист
Анна Политковская 1958-йилда Нью Йоркда туғилганди. У ҳеч қачон Америка фуқароси бўлмаган. Гап шундаки, Аннанинг отаси Степан Мазепа ва онаси Украинанинг БМТдаги доимий ваколатхонасида ишлашган.
Маълумот учун, 1945-йилда ташкил этилган БМТ таъсисчилари орасида СССР билан бирга Украина ССР ва Белоруссия ССР ҳам бўлган. Ташкилотда ҳар икки республиканинг доимий вакиллари ишлаган.

Фото: novayagazeta.ru
1950-йилларда Мазепа ва унинг хотини БМТнинг Нью Йоркдаги бош идорасида Украина вакили сифатида ишлаб юрган кезларда Анна дунёга келади.
Кейинчалик Мазепалар оиласи СССРга қайтади. Анна мактабни битиргач Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг журналистика факультетида ўқийди. У 1980-йилда ўқишни битиради ва ўша йили Александр Политковскийга турмушга чиқади.
Александр Политковский Анна билан бирга ўқиган, кейинчалик таниқли журналист ва маҳоратли сиёсий шарҳловчи бўлиб етишади.
Анна 1982-1993-йилларда “Известия” ва “Ҳаво транспорти” газеталарида, “Эскарт” ижодий бирлашмасида ишлайди. Шунингдек, 1994-йилгача “Мегаполис экспресс” ҳафталигида шарҳловчилик қилади.
1994-1999-йилларда у “Умумий газета” номли нашрда шарҳловчи, фавқулодда вазиятлар бўлими редактори вазифаларида меҳнат қилади.

Фото: medium.com
1999 йил май ойидан бошлаб “Новая газета” нашрида махсус мухбир ва шарҳловчи вазифаларида ишлай бошлайди. Иккинчи чечен уруши бошлангач Анна Чеченистонга жўнайди ва уруш кетаётган жойларда бўлиб, нашр учун репортажлар тайёрлайди.
2000 йил январда у Чеченистондан тайёрлаган материаллари учун Россияда журналистларга топшириладиган “Россия олтин пероси” нуфузли мукофотини олади. Шунингдек, ўша йили у Россия журналистлар иттифоқининг иккита мукофотини ҳам қўлга киритади.
Анна Политковскаянинг Путин ва Чечен уруши ҳақидаги китоблари
Анна Чеченистондаги воқеа ва ҳодисалар, шу жумладан россиялик ҳарбийларнинг у ерда тинч аҳолига нисбатан содир этган хунрезликлари ҳақида нафақат репортаж ҳамда мақолалар, шунингдек бир нечта китоблар ҳам ёзган.
Унинг биринчи китоби “Дўзахга саёҳат. Чечен кундалиги” деб номланади. У 2000-йилда ёзилган ва ўша йили чоп этилган. Бу китобда Анна 1999-2000-йилларда Чеченистонга қилган сафарлари давомида кўрган-кечирганлари, шунингдек у ердаги тинч аҳолининг россиялик ҳарбийлар зўравонлигига учрагани ҳақидаги ҳикоялари аниқ далиллар билан баён қилинган.

Фото: alamy.com
2001 йил февралда Анна Чеченистонга борган пайтида уни Россия ҳарбийлари ҳибсга олишади. Улар аёлни уч сутка ушлаб туришади. Тунда Анна россиялик ҳарбийлар ҳеч бир сабабсиз, ҳеч қандай ҳужум хавфи бўлмаган шароитда чеченлар яшайдиган қишлоққа ракеталар билан зарба беришганига гувоҳ бўлади.
Ўшанда россиялик ҳарбийлар Аннага агар оёқ остида ўралашаверса осонгина ўлдириб юборишларини айтиб қўрқитишади. Бироқ у бундай пўписалардан қўрқмайди.
2002-йилда Анна “Иккинчи чечен уруши” номли китобини ёзиб тугатади ва чоп эттиради. Бу китоб ҳам биринчиси каби тарзда ёзилганди ва юқоридаги хунрезлик ҳам шу китобда ҳикоя қилинганди.
Кўп ўтмай Анна “Чеченистон: Россия учун шармандалик” китобини ёзиб тугатади. Ўша пайтларда унинг китобларини Россияда чоп этишни тақиқлаб қўйишади. Шу сабабли Анна “Путин Россияси” ва “Россия Путинсиз” номли китобларини Британияда чоп эттиради.
Кейинчалик Аннанинг барча китоблари ҳамда долзарб мавзуларда ёзган мақолалари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинади ва китоб ҳолида чоп этилади.

Фото: книгка.инфо
2004-йилда Анна Рамзан Қодировдан интервью олади. Чеченистон раҳбари ўша пайтларда республика ҳукумати раиси ўринбосари лавозимида ишларди. Интервью давомида Рамзан Аннага дўқ уради ва пўписалар қилади.
Анна Политковская нега Путинни ёмон кўрган?
Журналист аёл Путинни ўз маслаклари йўлида Россия фуқароларини қурбон қилган деб ҳисоблайди. Чунончи у Чеченистон масаласини қон тўкмасдан ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблаган.
Шунингдек, Анна Россия ҳарбийларининг тинч аҳолини ўлдириб юборганини, Чеченистондаги зўравонликларни ҳам ҳазм қилолмаган. Бундан ташқари, у Норд-Ост концерт залида бўлган ҳодиса ва бошқа воқеалар учун ҳам Путинни айблаган.
Бу ҳақда у “Путин Россияси” китобида шундай ёзганди:
“Мен нега Путинни ёмон кўраман, Давлат миқёсида коррупция ва ўғриликлар урчигани, расизм, синизм, ёлғонлари ҳамда охири тугамас урушлар учун ёмон кўраман. Норд-Остда одамларни газ билан заҳарлаб ўлдиргани учун, айбсиз қурбонлар учун ёмон кўраман. Буларнинг барчаси унинг биринчи президентлик даврида содир бўлди”.
Анна Политковскаяга россияликлар кўп марта “Нега Чеченистонда русларни ўлдиришгани ҳақида ёзмайсиз?”, деб савол беришган. Бу саволга у шундай жавоб берган:
“1991-1994-йилларда менда Чеченистонда рус миллатига мансуб одамлар билан нима бўлганини суриштиришга имкон бўлмаган. Россия армияси томонидан бегуноҳ чеченларни қириб юборишганини, аёлларни зўрлашганини эса гувоҳи бўлдим”.

Фото: alamy.com
Анна Политковская Чеченистонда журналистлик суриштирувларини ўтказиб юрганида кўп марта ФСБ ходимларининг, ҳарбийларнинг таъқибига дуч келган. Маълум вақт ҳатто яшириниб юришга ҳам мажбур бўлган. У Россияда содир бўлган барча нохуш ишларда, фалокатлар ва ҳалокатларда Путинни айбдор деб билган.
Анна Политковскаянинг ўлдирилиши
2006 йил 7 октябрь куни Анна Москвадаги квартирасидан чиқиб кетаётганида лифтда номаълум шахс унга ўқотар қуролдан ўқ узади. Аёл ҳалок бўлади. Милиция ходимлари етиб келганда аёл жонсиз ётар, ёнида Макаров тўппончаси ва иккита ўқ гилзаси турганди.
Ўша куни Путиннинг туғилган куни эди. Аёлнинг қурбон бўлганини эшитган бир қатор россиялик журналистлар дарҳол “Аннанинг ўлдирилиши Путиннинг туғилган кунига муносиб совға бўлди” қабилида ёзиб чиқишади.
Шунингдек улар ва айрим таҳлилчилар Анна Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ёки тўғридан тўғри Путиннинг буйруғи билан ўлдирилган деб ҳисоблашади. Ижрони ФСБ амалга оширган деб тахмин қилишади. Бироқ Путинга садоқат билан хизмат қилаётган сиёсатшунослар буни рад этишади.

Фото: bbc.co.uk
Аннани ким ўлдирган?
Расмий маълумотларга кўра, Аннани ўлдириш ташкилотчиси чечен жиноий тўдаларидан бирининг раҳбари Магомед Дималханов бўлган. Бироқ кўп ўтмай бу тахмин рад этилган.
Қотилликни эса ака-ука Иброҳим ва Жаброил Маҳмудовлар амалга оширган. Аввалига ака-ука Маҳмудовларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Бироқ 2009-йилда суд уларни айбсиз деб топади ва ака-укалар озод қилинади.
Орадан беш йил ўтгач, бу сафар суд ака-ука Маҳмудовлар, яна Гайтукаев ва Ҳожиқурбоновларни Анна Политковскаянинг ўлимида айбдор деб топади. Улар қамалади, бироқ буюртмачи ким бўлгани номаълумлигича қолади.
Масалан, 2007 йил августда ФСБ раҳбарларидан бири Аннанинг ўлимида ФСБнинг Москва округи ходими подполковник Павел Рягузов айбланаётганини айтади. Сентябрга ўтиб Чеченистондаги Ачхой-Мартан тумани собиқ раҳбари Шамил Бураевга қарши айблов эълон қилинади.
2008-йилда Россия Бош прокуратураси тергов қўмитаси бошлиғи Дмитрий Довгий Аннани Борис Березовскийнинг топшириғи билан чечен жиноий гуруҳи авторитети Хож-Ахмад Нухаев ўлдирганини айтиб чиқади.
Бундан ташқари, айблов эълон қилинганлар орасида ака-ука Маҳмудовларнинг яна бир укаси Рустам Маҳмудов ҳам бор эди.

Фото: bciusa.com
2007-йилда Аннанинг ўлими юзасидан 12 киши ҳибсга олинади. Улар орасида турли миллатга мансуб шахслар бор эди. Кейинроқ эса айбланувчилар қаторига Москва шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими подполковник Дмитрий Павлюченков ҳам қўшилади.
Охир-оқибат дастлаб ана шу Павлюченков Анна Политковскаяни ўлдирганликда айбдор деб топилади. Суд уни Аннанинг болаларига 3 млн рубль тўлаш шарти билан 11 йилга озодликдан маҳрум қилади.
Ўшанда Павлюченковнинг тергови махфий тарзда олиб борилади. Судда у айбига тўлиқ иқрор бўлади. Бироқ аксарият журналистлар ва таҳлилчилар Аннани Павлюченков ўлдирмаганини ва қандайдир сабаблар билан қотилликни гарданига олаётганини айтишади.
2012 йил май ойида Аннанинг оила аъзолари Павлюченковга ўқилган ҳукм ноҳақ бўлганини айтиб шикоят қилишади. Бироқ ҳукм ўз кучида қолади.
2014-йилда суд яна беш киши – Лом-Али Гайтукаев, Сергей Ҳожиқурбонов ва уч нафар ака-ука Маҳмудовларни Аннанинг ўлимида айбдор деб топади.

Фото: news.rambler.ru
Рустам Маҳмудов ва Лом-Али Гайтукаев умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Сергей Ҳожиқурбонов 20 йилга, Жаброил Маҳмудов 14 йилга, Иброҳим Маҳмудов 12 йилга озодликдан маҳрум этилади.
2018-йилда Европа суди Анна Политковскаянинг ўлими юзасидан олиб борилган тергов жараёнлари нохолис ўтказилган деб топади.
2022 йил февралда Россия Украинага бостириб киргач қамоқда ётган маҳбуслар озодлик эвазига фронтга жўнатила бошланади. Сергей Ҳожиқурбонов ана шундан фойдаланади ва 2023-йилда Украинага қарши урушга боргани учун муддатидан аввал қамоқдан озод қилинади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.








