АҚШнинг 47-президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Паоло Замполли Италия терма жамоасининг 2026-йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш эҳтимоли ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, бу масалада Эрон термасини мусобақадан четлатиш варианти кўриб чиқилиши мумкин.
Замполли тез орада FIFA раҳбари Жанни Инфантино билан учрашиб, ушбу масалани муҳокама қилишини билдирди.
“Италиянинг жаҳон чемпионатида иштирок этиш эҳтимоли қандай? Менимча, 50 фоиздан юқори. Шу дам олиш кунлари Майамидаги Формула-1 Гран-присида Инфантино билан учрашаман. Италиясиз жаҳон чемпионати ўтмаслиги керак, бироқ якуний қарор Инфантино ва Трампга боғлиқ”, дейди махсус вакил.
Замполлининг таъкидлашича, уруш ҳаракатлари туфайли Эроннинг турнирдаги иштироки ҳали тўлиқ тасдиқланмаган бўлиши мумкин. Шунингдек, у хавфсизлик ва виза масалаларига ҳам тўхталиб ўтди:
“Эронлик футболчиларнинг келиши кутилган ҳолат, бироқ АҚШда кўриш исталмаган шахсларнинг мусобақага қўйилмаслиги муҳим. Агар Эрон ўйнамайдиган бўлса, унинг ўрнига Италия учун қўшимча саралаш варианти кўриб чиқилишини таклиф қилдим. Ҳозирча бу борада Трамп билан бевосита гаплашганим йўқ ва у аниқ позицияга эга эмас, лекин ҳамма нарса бўлиши мумкин”.
Маълумот учун, 2026-йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади. Қуръа натижаларига кўра, Эрон терма жамоаси “G” гуруҳида Янги Зеландия, Бельгия ва Миср билан куч синашиши керак.








