Европа Иттифоқи 23 апрель куни Ўзбекистондаги иккита компанияга, Raw Materials Cellulose ва Фарғона кимё заводига қарши санкциялар киритди.
Фарғона кимё заводи пахта целлюлозаси ишлаб чиқаради. У Россиянинг “Перм порох” заводи ва “Қозон порох” заводига маҳсулотлар етказиб беради. Бу заводлар эса пахта целлюлозасидан Россия Қуролли кучлари учун қурол ишлаб чиқаришда фойдаланиши айтилмоқда.
“Завод ҳарбий технологиялар ва ускуналар етказиб бериш занжирида иштирок этиш орқали Россиянинг ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватламоқда”, дейилади Европа Иттифоқи эълон қилган ҳужжатда.
Маълумотларга кўра, Фарғона кимё заводи Рустам Мўминов томонидан назорат қилинади. Тадбиркорнинг ўзи 2025 йил октябрь ойи охирида Европа Иттифоқининг санкциялари рўйхатига киритилганди.
Raw Materials Cellulose ҳам Ўзбекистонда фаолият юритувчи, пахта целлюлозаси ишлаб чиқарувчи компаниядир. У маҳсулотни Россиянинг ҳарбий-саноат корхоналарига, жумладан, “Тамбов порох” заводига етказиб беради. Ушбу корхона ундан порох ишлаб чиқаришда фойдаланади. Шу сабабли Европа Иттифоқи уни санкциялар рўйхатига киритмоқда. Буюк Британия ва Украина аллақачон юқоридаги компанияларга санкциялар қўллаган.








