CIES Football Observatory (CIES) тадқиқот маркази сўнгги олти ойлик кўрсаткичлар асосида Англия Премьер Лигасида тўп сураётган, 23 ёшгача бўлган энг кучли футболчилар рейтингини эълон қилди.
Ҳозирда “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилаётган ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусанов 79,9 балл тўплаган ҳолда, АПЛнинг энг яхши U-23 футболчилари орасида 19-ўриндан жой олди. Ҳусановнинг ўйинида асосан ҳужумни ташкил қилиш қобилияти юқори баҳоланган.
Ушбу рўйхатда биринчи ўринни “Ливерпуль” ярим ҳимоячиси Флориан Вирц (93,8 балл) эгаллаб турибди. Кучли учликдан “Манчестер Сити” вингери Райан Шерки (90,0) ва “Ньюкасл” ҳимоячиси Льюис Ҳолл (87,7) жой олган. Рейтингда Ҳусанов билан бирга Алехандро Гарначо (“Челси”), Адам Уортон (“Кристал Пэлас”) ва Конор Бредли (“Ливерпуль”) каби ёш юлдузлар ҳам ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, CIES ушбу рейтингни тузишда футболчиларнинг майдондаги ҳаракатлари, ўйин вақти, жамоа натижалари ва лигадаги рақобат даражасини ҳисобга олган.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсум “Манчестер Сити” сафида 33 та учрашувда иштирок этган. Футболчининг клуб билан шартномаси 2029-йилга қадар амал қилади. Transfermarkt портали ҳимоячининг қийматини 35 миллион еврога баҳолаган.








