Daryo

Исроил Ливан жанубидаги ўнлаб қишлоқларни назоратига олди

Исроил мудофаа вазири чегарадаги “Ҳизбуллоҳ” фойдаланаётган уйлар бузилиши ва йўллар йўқ қилинишини таъкидлади.

1 дақиқа ўқиш4 360 кўришлар0 изоҳ2

Исроил армияси илк бор Ливан ҳудуди ичкарисидаги ўз позициялари харитасини эълон қилди. Харитага асосан ўнлаб ташлаб кетилган Ливан қишлоқлари Исроил назоратига ўтди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Янги харитага кўра, шарқдан ғарбга чўзилган мудофаа чизиғи Ливан ҳудуди ичкарисига қараб 5–10 километргача кириб боради. Исроил ушбу ҳудудда махсус “буфер зона” ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилди.

Исроил ҳарбийлари мазкур ҳудуддаги Ливан қишлоқларини вайрон қилган ва буни Исроил шаҳарчаларини “Ҳизбуллоҳ” ҳужумларидан ҳимоя қилиш дея изоҳлаган. Исроил аввалроқ Сурия ва Ғазода ҳам шундай буфер зоналар ташкил этган, ҳозирда шу тариқа Ғазонинг бир қисмини назорат қилмоқда.

Исроил зарбалари сабабли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган ливанликларнинг қайтиши масаласи эса ноаниқ. Исроил ҳарбийлари бу борада изоҳ беришдан бош тортган. Ливан хавфсизлик хизмати манбаларига кўра, тинч аҳоли белгиланган чизиқдаги айрим қишлоқларга кира олган. Аммо жанубий ҳудудларнинг аксарият қисмига кириш ҳамон тақиқланган.

Исроил мудофаа вазири Исроил Кац 19 апрель куни “Ҳизбуллоҳ” фойдаланаётган чегарадаги уйлар бузилишини айтди.

“Аскарларимизга таҳдид соладиган ҳар қандай иншоот ва портловчи моддалар қўйилгани ўрнатилгани гумон қилинган барча йўллар зудлик билан йўқ қилиниши шарт”, деди у.

Исроилнинг Ливанга қарши ҳужумлари 2 март куни бошланди. Вазият Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 февраль куни ўлдирилганига жавобан “Ҳизбуллоҳ” Исроилга ракеталар учирганидан кейин кескинлашди.

Ливанга қилинган ҳужумларда 2000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 1,2 миллиондан ортиқ киши уйини тарк этишга мажбур бўлди. БМТ экспертлари “тинч аҳолини мажбурий кўчириш инсониятга қарши жиноят” эканини таъкидлаган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар