Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Истанбулнинг “Башакшеҳир” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов дунёдаги энг йирик ва энг машҳур спорт видео ўйинларини ишлаб чиқарувчи EA Sports (Electronic Arts Sports) версиясига кўра Туркия Суперлигасининг мавсум рамзий жамоасидан ўрин олди. Унинг FC26 ўйини виртуал карточкасидаги умумий рейтинги 93 баллга лойиқ кўрилган.
Виртуал карточкада футболчининг югуриш тезлиги – PAC; зарба кучи, аниқлиги, жарима майдончаси ичидан ва ташқарисидан тепиш қобилияти – SHO; қисқа-узун узатмалар, кросслар, тўпни етказиб бериш аниқлиги – PAS; тўпни назорат қилиш, рақибни алдаб ўтиш, чаққонлик, мувозанат – DRI; тўпни олиб қўйиш, ташланишлар, бош билан ўйнаш, позиция танлаш – DEF; шунингдек, PHYяъни куч, чидамлилик ва курашувчанлик қобилиятлари баҳоланади.
Элдор Шомуродов 2025 йилнинг ёзида “Башакшеҳир” сафига келиб қўшилди ва жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланди. У Туркия Суперлигаси жорий мавсумида 32 та учрашувда майдонга тушиб, 20 та гол ва 4 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Ўзбекистон терма жамоаси сардори мусобақа тўпурарлар жадвалида иккинчи поғонани банд этган. “Трабзонспор” ҳужумчиси Пол Онуачу эса 22 та гол билан пешқадамлик қилмоқда. Мусобақа якунланишига иккита тур қолди.
Шомуродов ва у билан бир жамоада тўп сурадиган яна бир ўзбекистонлик футболчи Аббосбек Файзуллаев Истанбул клубининг энг қиммат футболчилари ҳисобланади. Transfermarkt портали уларнинг бозор қийматини 7 миллион еврога баҳолаган.
Туркия Суперлигаси жорий мавсумида “Башакшеҳир” 32 та турдан сўнг 51 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 4-поғонада бормоқда.








