АҚШ расмийлари европалик ҳамкорларини аввал шартнома қилинган қурол-яроғ етказиб бериш муддати кечикиши ҳақида огоҳлантирди. Бу Эрон билан давом этаётган уруш туфайли захираларнинг камайиб бораётгани билан изоҳланмоқда. Бу ҳақда вазиятдан хабардор бешта манбага таяниб Reuters хабар берди.
2022-йилда Россиянинг Украинага бостириб кириши ва 2023 йил охирида Исроилнинг Ғазодаги операциялари бошланганидан бери АҚШ ўз қурол захираларидан миллиардлаб доллар сарфлаб бўлган эди. Бунга артиллерия тизимлари, ўқ-дорилар ва танкка қарши ракеталар киради.
28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган ҳаво зарбалари билан янги уруш бошланди. Шундан бери Теҳрон Форс кўрфази мамлакатларига юзлаб баллистик ракеталар ва дронлар учирди. Уларнинг аксарияти тутиб қолинди. Бунда Украинанинг муҳим инфратузилмасини ҳимоя қилувчи PAC-3 Патриот ракета тизимларидан ҳам фойдаланилди.
Етказиб беришдаги муаммолар
Сўнгги кунларда АҚШ расмийлари Европа давлатларига икки томонлама хабарлар юборди. Унда “Хорижий ҳарбий сотувлар” дастури доирасида сотиб олинган, аммо ҳали етказиб берилмаган қуроллар кечикиши айтилган.
Таъкидланишича, кечикишлар Болтиқбўйи мамлакатлари, Скандинавия давлатлари ва Россия билан чегарадош айрим давлатлар (уларнинг номи хавфсизлик нуқтайи назаридан ошкор қилинмади)га тааллуқли. Кечикаётган қуроллар орасида ҳам ҳужум, ҳам мудофаа мақсадларида ишлатиладиган турли хил ўқ-дорилар бор.
Оқ уй ва Давлат департаменти бу борадаги саволларни Пентагонга йўналтирди. Пентагон эса ҳозирча изоҳ бермади.
АҚШ расмийларининг таъкидлашича, бу қуроллар ҳозирда Яқин Шарқдаги уруш учун жуда зарур. Шунингдек, улар Европа давлатларини АҚШ ва Исроилга Ҳормуз бўғозини очишда ёрдам бермаётганликда айбламоқда. Европалик мулозимлар эса бу кечикишлардан норози. Уларнинг айтишича, бу ҳолат мамлакатларни қийин аҳволга солиб қўймоқда.
Президент Дональд Трамп маъмурияти Европадаги НАТО бўйича ҳамкорларини кўпроқ Америка қуролларини сотиб олишга ундаб келаётган эди. Мақсад — Европа мудофааси учун масъулиятни АҚШдан европаликларнинг ўзига ўтказиш бўлган.
“Бироқ қурол етказиб беришдаги доимий кечикишлар Европа пойтахтларида ғазабни қўзғатмоқда. Натижада айрим давлатлар энди қуролни АҚШдан эмас, Европанинг ўзида ишлаб чиқарилган тизимлардан қидиришни бошлаган”, дейилади хабарда.








