Пекин яқин ҳафталар ичида Эронга янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда сўнггиАҚШ разведка ҳисоботларидан хабардор уч нафар манбага таяниб, CNN хабар берди.
“Ушбу қадам ўта провокацион ҳаракат сифатида баҳоланмоқда. Боиси, айнан Хитой шу ҳафтанинг бошида АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушни тўхтатган ‘мўрт’ сулҳ битимида воситачилик қилганини даъво қилган эди. Боз устига, май ойининг бошида АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказиш учун Пекинга ташриф буюриши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
Разведка маълумотлари Эрон сулҳдан ўзининг айрим қурол тизимларини хорижий ҳамкорлар ёрдамида тўлдириб олиш имконияти сифатида фойдаланаётганини кўрсатмоқда.
Яширин етказиб бериш занжири
CNN манбаларидан иккитасининг сўзларига кўра, Пекин қуролларнинг асл келиб чиқишини яшириш мақсадида уларни учинчи давлатлар орқали юбориш йўлларини изламоқда. Хитой Эронга юборишни режалаштираётган тизимлар MANPADS (кўчма зенит-ракета мажмуалари) деб аталади.
Ушбу елкадан отиладиган ракеталар беш ҳафталик уруш давомида АҚШнинг паст баландликда учувчи ҳарбий самолётлари учун асимметрик хавф туғдирган ва агар сулҳ бузилса, яна жиддий таҳдидга айланиши мумкин.
Пекин раддияси
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби бу маълумотларни кескин рад этди.
“Хитой ҳеч қачон урушнинг бирор томонига қурол етказиб бермаган. Бу маълумотлар ҳақиқатга зид. Масъулиятли йирик давлат сифатида Хитой халқаро мажбуриятларини доимий равишда бажариб келади. Биз АҚШ томонини асоссиз айбловлар қўйишдан ва шов-шув кўтаришдан тийилишга чақирамиз”, дейилади элчихона баёнотида.
Элчихона вакили бундан олдин Пекин АҚШ—Исроил—Эрон уруши бошлангандан бери сулҳга эришиш ва можарога чек қўйиш учун ҳаракат қилаётганини таъкидлаган эди.
F-15 самолёти билан боғлиқ шубҳалар
6 апрель кунги матбуот анжуманида Дональд Трамп ўтган ҳафта Эрон узра уриб туширилган F-15 қирувчи самолёти иссиқлик орқали нишон олувчи қўл ракетаси билан урилганига ишора қилди. Эрон ҳам самолётни уриб туширишда янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан фойдаланганини маълум қилган, бироқ тафсилотларни очиқламаган эди. Ҳозирча ушбу тизим Хитойда ишлаб чиқарилганми ёки йўқ — номаълум.
Шу пайтгача Хитой компаниялари Эронга санкция остидаги икки мақсадли технологияларни сотиб келган, бу эса Теҳронга қурол ишлаб чиқаришни давом эттириш ва навигация тизимларини такомиллаштириш имконини берган. Бироқ ҳукумат даражасида бевосита қурол тизимларининг топширилиши ёрдамнинг мутлақо янги даражасини англатади.
“Разведкадан хабардор манбалардан бирининг айтишича, Хитой АҚШ ва Исроилга қарши урушда Эронни ҳимоя қилиб, можарога очиқдан-очиқ киришдан стратегик наф кўрмаяпти, чунки бу урушда ғалаба қозониб бўлмаслигини тушунади”, дейилади CNN хабарида.
Бунинг ўрнига, Пекин ўзини Эроннинг (нефтьига қаттиқ боғланган) содиқ дўсти сифатида кўрсатишга ва шу билан бирга, уруш тугаганидан кейин “айбларни рад эта олиш” учун ташқи томондан нейтрал кўринишга ҳаракат қилмоқда.
Шунингдек, Хитой ўзининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини Россия кўрсатаётган ёрдамдан фарқли ўлароқ, “ҳужумкор эмас, балки мудофаа характерига эга” деб оқлаши мумкин.
Маълумотларга кўра, Россия уруш давомида Эрон билан разведка маълумотларини бўлишиб, АҚШ қўшинлари ва объектларига аниқ зарба беришда ёрдам бериб келган.
Эрон узоқ вақтдан бери ҳам Россия, ҳам Хитой билан мустаҳкам ҳарбий ва иқтисодий алоқаларга эга. Хусусан, Теҳрон Россияга Украинадаги урушда Shahed дронларини етказиб бериш орқали кўмаклашаётган бўлса, Хитойга ўзининг санкция остидаги нефтьининг асосий қисмини сотмоқда.








