Мюнхеннинг “Бавария” клуби футбол бўйича Германия чемпионатининг битта мавсумида урилган голлар сони бўйича янги рекорд ўрнатди. 29-тур доирасидаги “Сант-Паули”га қарши сафар ўйинида “Бавария” футболчилари жавобсиз бешта гол киритишга муваффақ бўлди ва жорий турнирдаги жами голлар сонини 105 тага етказиб олди. Аввалги рекорд ҳам айнан Мюнхен клубига тегишли эди – жамоа 1971/72 йилги мавсумда рақиблар дарвозасини 101 марта ишғол қилган.
Тўққизинчи дақиқада Жамал Мусиала ҳисобни очиб, мюнхенликларни олдинга олиб чиқди. Леон Горетцка 53-дақиқада жамоасининг устунлигини иккитага оширди, 54-дақиқада эса Майкл Олисе меҳмонларнинг учинчи голини урди. 65-дақиқада Николас Жексон ҳисобни 4:0 кўринишига келтирди. 88-дақиқада Рафаэл Геррейру ўйинга якуний нуқтани қўйди — 5:0.
Ушбу ўйиндан сўнг “Бавария” 76 очко билан Бундеслига турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. “Сант-Паули” эса 25 очко билан 16-ўринда бормоқда.
Шунингдек, “Бавария” Германия чемпионатидаги ғалабалар сони бўйича ҳам рекордчи ҳисобланади (34 та чемпионлик).








