Daryo

“Ҳафта мавзуси”. “Ҳусанов йўли” тасодифми?

“Футбол — тентакларнинг ўйини” деган қарашдан “футбол — меҳнат ва билим билан юзага чиқадиган соҳа” деган тушунчага қандай етиб келдик? Абдуқодир Ҳусановнинг “Сити”даги зафарлари ортида нафақат унинг меҳнати, балки ўзбек жамиятида шаклланган табиий бир тизим турибди. “Дарё” колумнисти Қаҳрамон Аслонов Ҳусановнинг “Манчестер Сити”даги зафарлари мисолида ўзбек футболининг янги менталитети ва ўзбек оилаларидаги ўзгарган қарашлар ҳақида фикр билдирди.

6 дақиқа ўқиш15 621 кўришлар1 изоҳ49

Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”да яна ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Учинчи марта. Албатта, бунда бизнинг ҳам қўлимиз бор, лекин сўровномада қатнашиш учун ҳам энг яхши уч футболчи орасига кириб олиш ҳам керак. Бу эса тамоман Абдуқодирнинг меҳнати.

Уни ўз пайтида “Бунёдкор” рад этгани ҳақида кўп ёзишади ва баъзида бу футболимизга салбий баҳодек янграйди – “ана, шундай зўр футболчини ўзимизникилар пайқай олишмаган экан”. Аслида эса менимча, бу аксинча, ижобий жиҳат. Айтайлик, Мессига ўхшаган талант дунёнинг исталган бурчагида туғилиб қолиши ва уни “Барселона” ўн ёшида пайқаб олиб келиб, дунёнинг энг яхши футболчисига айлантириши мумкин. Ноёб истеъдод. Ҳамма гап ҳам шунда, Абдуқодир Ҳусанов ноёб истеъдод ҳам бўлмаганки, ўн олти ёшида уни оддий клуб рад этиши ҳам мумкин эди. Бу дегани, биринчидан, ҳар ким ҳам ҳаракат қилса шундай эртак қаҳрамони бўлиб қолиш эҳтимоли борлиги, иккинчидан, Ҳусанов осмондан тушган уникум эмас, тизимдан тарбияланиб чиққанига ишониш осонроқ бўлади. Бу ерда тизим деганда айнан академиялардаги ажойиб шароитлар ҳақида эмас, умуман бизда етук футболчи чиқиши учун баъзи шартларнинг ҳосил бўлганида. Табиий йўл билан. Батафсилроқ тушунтираман.

Фото: Getty Images

Яқинда Италия терма жамоаси муваффақиятсизлиги ҳақида маълумотларни ўрганаётганда тилга олинган бир жиҳат эътиборимни тортди – Италия футболининг Франция, Германия билан солиштирилганда мамлакатда “гетто футбол” йўқлиги, бошқа давлатлар каби собиқ мустамлакалардан ташриф буюрган иммигрантларнинг нисбатан камроқ экани ҳам рол ўйнагани айтилган. Нима бўпти дейишингиз мумкин. Аммо қачонки, футбол фақат қизиқиш орқали шуғулланадиган машғулот эмас, яшаб қолиш, ҳаёт поғоналаридан кўтарилиш воситаси ҳам бўлса, муносабат ҳам, турли қийинчилик ва тўсиқларга сабр ҳам бошқача бўлади. Оддий солиштириш, Аргентинада бир неча мингга яқин турли профессионал ва ҳаваскор футбол клублар, уларнинг мактаблари бор экан. Англияда бу рақам 40 мингдан ошади. Деярли ўн баробар фарқ. Шунингдек Англия Европада экан, профессионал футболга яқинроқ бўлиб, давом эттириш анча осон ва тизимлашган эканини ҳам эътиборга олинг. Лекин қаранг, ҳозир Англиядаги талантли футболчилар Аргентинадан кўп дея аниқ айта олмаймиз, тўғрими?

Сабаби, Англияда деярли ҳамма футбол академиясига бораверади, маълум вақт ўтгач, ташлаб, бошқа соҳаларга кириб кетиши мумкин. Танловлар жуда кўп, ҳеч ким, ҳаёт ҳам уларга “футбол ёки ҳеч нарса” деб босим қилмайди. Шунинг учун ҳам Аргентинада камроқ бола профессионал футбол мактабларида шуғулланса-да, фоиз эътибори билан уларнинг бу оламда яшаб кетиш эҳтимоли ҳам, уларнинг истаги ҳам жуда катта бўлади.

Яқинда россиялик ҳужумчи Роман Павлюченконинг подкастлардан бирида айтган гапига кўзим тушди:

- Мени аслида “ Тоттенҳэм” жуда кўп чақирган, уч тўрт марта Москвага келишган ҳам, — эслайди у, — аммо тўғриси, боришга қўрққандим. “Спартак”да ўйнаяпман, мухлислар мени яхши кўришади, маошим яхши, голлар уриб турибман, буни ўзгартириш менга нега керак? Нотаниш жамоа, нотаниш шаҳар, тилни ҳам билмайман.

​Кейинчалик Роман барибир “Тоттенҳэм”нинг таклифини қабул қилиб, у ерда анча яхши йиллар ўтказган бўлса-да, ўша даврда жуда кўп россиялик футболчилар қаршисида мана шу дилемма турган. Европада кучлироқ рақобат, каттароқ мақсадлар учун тер тўкиш ёки “Зенит”, “Спартак”лардаги комфорт зонада қолиш. Муҳими, ҳатто Россияда кўпроқ пул тўлашарди ҳам. Худди шундай ҳолат бизда ҳам, “Бунёдкор” даврида ҳам кузатилганини эсласангиз керак. Бу ердаги шароитлар бошқа лигаларга ўтиб легионер бўлишдан кўра яхшироқ эди, табиийки, аксарият футболчилар Тошкентни танлашган. Уларни бу танлов учун айблаш ҳам қийин, умуман менталитет, футболга бўлган муносабат ёшларда, эски авлодда сал бошқача бўлган, назаримда.

Фото: Instagram

Аввал футбол билан шуғулланган, айниқса, тўқсонинчи йиллардаги авлод билан ҳозиргиларда моҳиятан, бу ўйинга бўлган муносабат нуқтайи назаридан катта фарқ бор. У пайтда ўзим ҳам болаликда футбол мактабларига қатнаганман, турли ёшдаги мусобақаларда ўйнаганман. Биласизми, у пайтларда фарзандини футбол билан мунтазам шуғулланишга қўйиб берадиган оилалар бошқача, бир оз эркинроқ бўлиб, аксинча, аксарият ўзбек оилаларда бу масалага унчалик жиддий қаралмасди. Кимдир Миржалол Қосимов каби рад қилиб бўлмас истеъдод билан отилиб чиқса, хўп, лекин келажак, касб сифатида футболчиликни танлашни тасаввур қилиш қийин, яъни футбол билан севимли машғулот бўлиб, мабодо ҳаммаси ўхшаб, бундан яхши пул топишни бошласа, айни муддао, тамом. Ўртача ўзбек боласидан асосан меҳнат ва боқадиган касбга эга бўлиш, ўқиш ёки бирор ҳунар эгаси бўлиш талаб қилинарди.

Ўз навбатида бу қарашнинг салбий жиҳатлари ҳам бор. Футбол шунчаки, кўнгилочар машғулот, ҳам ўйнаб, ҳам бир оз пул топиб юриш етарли, деб қаралганда, юқорида Италия мисолида тилга олингандек, мақсадлар катта қўйилмайди. Бирданига яхши клубга ўтиб, аввалгидан кўпроқ пул топа бошлагач, турли ёмон одатларга берилиб кетганларни ҳам, битта машинани совға қилиб олгач, умуман йўқолиб кетганларни ҳам кўрдик.

Бугунги етишиб чиқаётган ёшлар бир оз бошқача. Ҳусанов билан ишлаган қозоғистонлик агентнинг гапларини эсланг:

“Ҳусанов бу ҳақиқий топилма. Ёмон одатлари йўқ, айтилган ишни қилади, қачон айтилса ўша пайтда дам олади, шуғулланади. Чизиб берган чизиғингда интизом билан ҳаракат қилади. Уни кечаси турли клубларда излаб юриб, тепасида туриб тарбиялашингга ҳожат йўқ”.

Фото: Getty Images

Худди шунга яқин фикрни Пеп Гвардиола ҳам айтганди. Манчестердаги дастлабки ойлари айнан Ҳусановнинг интизоми, футболдан бошқа нарсаларни ўйламаслиги кўпроқ гапирилган. Табиийки, икки йилда Беларусь чемпионатидан Англияга сакраган ҳар қандай, ҳатто европалик футболчиларнинг ҳам боши айланиб қолиши турган гап, манчестерликлар аввало, шу фактордан қўрққан. Бунинг бутунлай акси бўлиши эса ҳатто Пеп Гвардиолани ҳам ҳайратига сабаб бўлган. Ишонаверинг, бу фақат Ҳусановга хос эмас, янги авлод футболчиларимизнинг аксариятида айнан шундай муносабатни кўриш мумкин. Футбол ростан ҳам турмушда юқори даражага чиқишнинг реал воситасига айланган ва буни оилалар ҳам тушуниб турибди. Фарзандини футболчи қилиш учун бор имкониятини ишга солаётган жуда кўп оталарни танийман.

Биласизми, бу ҳолат фақат футболда эмас, параллел тарзда бошқа соҳаларда ҳам кузатилаётгани жараённинг қонуниятга эга эканини тасдиқлайди. Масалан, олий маълумотли бўлиш, институтда ўқишни олайлик. Авваллари, ўқимишли оила ва меҳнаткаш оиласи деган табақаланиш бўларди. Ўқиган одамнинг фарзанди кўпинча ўқир, олий маълумот маълум тоифага керак бўладиган жиҳатдек кўринарди. Футболда ҳам шу, қарасангиз, футболчиларнинг фарзанди футболчи, бу билан жамиятнинг кичик бўлаги профессионал шуғулланарди холос.

Кейин “ўқишда ўқиш” урфга айланди. Катта ишларда ишлаш, яхши кийимлар кийиб кабинетларда ўтириш одамларга ёқа бошлади. Пули бор инсонлар қанча бериб бўлса ҳам фарзандини ўқишга киритишга уринди. Футболда ҳам шундай, футболчи бўлиш қандайдир мода бўлгач, эсласангиз, турли футбол академияларга пул кўтариб борадиган оталар, “фалон доллар бермасанг футбол мактабига олишмайди” маъносидаги гап-сўзларни ҳам кўп эшитардик.

Ҳозир кейинги босқичдамиз ва юқоридаги икки ҳолатни учратмайсиз. Олийгоҳларда ўқиш учун катта пуллар эмас билим кераклигини, акс ҳолда шунчаки диплом ҳеч нарсани ҳал қилмаслигини кўпчилик тушунди. Ҳар қандай оила, ҳатто энг бойларни қарасангиз ҳам ёшлигидан фарзандини яхшироқ мактабга бериш, билимлироқ қилишга ҳаракат қилаётгандек. Худди шу тарз футболда ҳам, энди ота-оналар боласини пул билан жамоаларга, мактабларга тиқишга уринмаяпти, аксинча, вазиятни реал баҳолашга уринмоқда. Энди футболчи бўлиш шунчаки урф эмас, севимли машғулот эмас, ростан ҳам ижтимоий, иқтисодий кўтарилиш учун бир пиллапоя сифатида кўрилаётгани, мабодо болада ростан ҳам истеъдод бўлса, бу албатта юзага чиқишига ишонч борлиги қувонарли. Табиийки, бунда Ҳусановнинг ҳам катта таъсири бор.

“Футбол бу копток орқасидан югурадиган тентакларнинг иши”дан “Футболчи бўлиш учун соққанг бўлиши керак”га ўтиб, энди эса “Агар истеъдодинг бўлса, меҳнат ва сабр қилсанг, албатта бу юзага чиқади”га ҳам етиб келдик.

Энг муҳими биз бунга табиий йўллар билан келдик. Бизни табриклайман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар