Эроннинг Саудия Арабистонидаги Америка компаниялари билан боғлиқ саноат объектларига 7 апрель кунига ўтар кечаси йўллаган зарбалари тинчлик музокараларини барбод қилиши мумкин. Бу ҳақда Покистон хавфсизлик хизматидаги манбалар маълум қилди.
Юқори мартабали разведка мулозимининг таъкидлашича, агар Саудия Арабистони ушбу ҳужумга жавоб қайтарса, музокаралар бутунлай тўхтатилади. Бундан ташқари, жавоб зарбалари икки давлат ўртасидаги мудофаа битими сабабли Покистонни ҳам урушга тортиши мумкин.
Яна бир манба Эрон ҳозирда “юпқа муз устида кетаётгани” (ўта хавфли вазиятда экани) ва келгуси 3-4 соат мулоқотнинг келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлишини билдирди.
Музокараларда боши берк кўча
Покистон АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик таклифлари бўйича асосий воситачи ҳисобланади. Reuters агентлигининг ёзишича, ҳозирча томонлар ўртасида муросадан дарак йўқ.
“Биз эронликлар билан алоқадамиз. Охирги вақтларда улар музокарага киришишга тайёрлигини ва бир оз юмшаганини кўрсатишди. Лекин шу билан бирга, улар ўз шартларини қатъий қўйиб, буни музокаралар учун мажбурий шарт деб ҳисобламоқда”, деди Покистон хавфсизлик хизмати вакили.
Reuters агентлигига 7 апрель куни баёнот берган юқори мартабали эронлик манба Теҳрон воситачилар орқали етказилган вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш таклифини рад этганини маълум қилди.
Унга кўра, доимий тинчлик бўйича музокаралар фақат АҚШ ва Исроил зарбаларни тўхтатиб, уларни қайта бошламасликка кафолат берганидан ва етказилган зарарни қоплаб берганидан кейингина бошланиши мумкин.
CNN телеканали ҳам Покистондаги манбаларига таяниб Саудия Арабистонининг ҳаётий муҳим инфратузилмасига қилинган ҳужум музокаралар муваффақияти эҳтимолини пасайтирганини хабар қилди. Исломобод Ар Риёднинг жавоб қайтаришидан “жуда хавотирда”.
7 апрелга ўтар кечаси Эроннинг Фарс нашри Саудия Арабистонидаги нефть-кимё корхоналари жойлашган Жубайл саноат зонасида портлашлар ва кўплаб зарбалар бўлгани ҳақида хабар берди. Ар Риёд эса 7 та баллистик ракетани тутиб олганини, уларнинг парчалари энергетика объектлари яқинига тушганини даъво қилди.
АҚШ президент Дональд Трамп аввалроқ Эронга 48 соатлик муддат бериб, шу вақт ичида келишувга эришишга чақирди. Акс ҳолда у мамлакатга “дўзах азоби”ни кўрсатишга ваъда берди. Ультиматум муддати Ўзбекистон вақти билан 8 апрель куни тонгги сота 05:00 атрофида тугайди.
“Бугун кечаси бутун бир цивилизация ўлади ва ҳеч қачон тикланмайди. Мен бундай бўлишини хоҳламайман, лекин, эҳтимол, шундай бўлади”, деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social’даги саҳифасида.








